Тошкентда 2008 йилда туғилган ўқувчисига севги изҳор қилган ва дарс вақтларида ҳам қизга қараб шаҳвоний ҳаракатлар қилиб келган 61 ёшли ўқитувчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Шаҳар судлари “Дарё”га маълум қилди.

2025 йил 2 май куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида 1964 йилда туғилган, физика фани ўқитувчиси I.Р.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.
У тумандаги 18-сон умумий ўрта таълим мактабида физика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб келган. 2024 йил 4 ноябрдан бошлаб шу мактабда ўқийдиган 2008 йилда туғилган 10-синф ўқувчисига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этган.
Жумладан, у ўқувчига турли “смайл”лар юбориб, 2025 йил 8 февраль куни рус тилида “я тебя люблю” мазмунида севги изҳор қилган, синфдошларидан унинг шахсий ҳаёти ҳақида суриштирган ҳамда дарс вақтларида унга қараб, шаҳвоний ҳаракатлар қилган.
Судда ўқитувчи икки йилдан буён қизни кузатиб юрганини, уни севишини ва ёмон нияти бўлмаганини айтиб, енгил жазо тайинлашни сўради.
Воқеа ҳақида қиз 2025 йил 29 апрель куни онасига хабар берган. Онаси бу ҳақда мактаб раҳбариятига мурожаат қилганини, бироқ улар масалани “ички тартибда” ҳал қилишга урингани ва ҳеч қандай жазо чораси кўрилмаганини таъкидлади. Мактаб директори қиздан овоз ёзувини олишни сўраган, бироқ ўқитувчига нисбатан чоралар кўрилмаган.
Тергов давомида аниқланишича, ўқитувчи қизнинг синфдошларидан бири орқали унга “Мендан қўрқмасин, мен уни яхши кўраман, жиддий режаларим бор, унга уйланмоқчиман” деган мазмунда хабар ҳам юборган.
Суд эркакни айбдор деб топиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Болаларга нисбатан шаҳвоний шилқимликлар статистикаси
Ўзбекистон судларида 2025 йил апрель ойи бошидан бери вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича камида 21 та иш кўриб чиқилгани маълум бўлди.
Ушбу 21 та ишнинг 3 таси Андижон вилояти кассация судида кўриб чиқилган бўлиб, аввалги инстанция судлари қарорлари устидан прокурор протестлари билан боғлиқ. Барча ҳолларда протестлар қаноатлантирилиб, ишлар қўшимча терговга жўнатилди.
21 та ишдан 1 таси Қашқадарё вилояти туманларидан бирининг биринчи инстанция суди томонидан қўшимча терговга юборилган. 21 та ҳолатдан 1 таси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1 (шаҳвоний шилқимлик) моддасидан МЖтК нинг 41-моддаси (ҳақорат)га қайта квалификация қилинди.
Болаларга шилқимлик ҳолатлари
- Болалар омбудсмани тақдимномаси билан 9 ёшли қизга шилқимлик қилган эркакка чиқарилган суд қарорига протест киритилди.
- Тошкент вилоятида эркак 5 ёшли қизчага тегажоғлик қилганликда айбланмоқда.
- Болалар омбудсмани отаси томонидан шилқимликка учраган опа-сингил иши бўйича маълумот берди.
- Тошкентда метро вагонида нотаниш қизга тегажоғлик қилган эркак беш суткага қамалди.
- Тошкентда руҳий касал бўлган шахс 12 ёшли қизга ташланди.
- Тошкентда эркак ўқитувчи синфхонани қулфлаб, ўқувчисига тегажоғлик қилди.
- Тошкентда ўқитувчи эркак собиқ ўқувчисини дўстининг олдида ҳақоратлаб, тегажоғлик қилди.
- Яккасаройда 9 ёшли ўқувчига шилқимлик қилган ўқитувчи жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)