Россиянинг Губкин номидаги нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалида талабаларга уруш ва “Россиянинг жасур жангчилари” ҳақида маърузалар ўтилмоқда. Университетда таҳсил олувчи Муҳиджон бу ҳақда маълумот берди. Унинг хати Meduza нашрининг “Уруш ўқувчилар нигоҳида” рукнида эълон қилинди.
Мен Губкин университетининг Тошкент филиали талабасиман. Очиғини айтсам, уруш бошланганида даҳшатга тушган эдим. Доим Ленин ва “буюк рус шовинизми” ҳақида гапиришарди, мен буни муболаға деб ўйлардим, лекин энди бу ҳақиқат эканини тушундим. Оиламнинг Украина ҳақида энг илиқ хотиралари бор, бувим ва бобом ёшликлари Ялта ва Одессада қандай ўтганини айтиб берган. Бувим бомбардимонлар акс этган видеоларни кўриб, йиғлаб юборди.
Биз, Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлодига ҳам, уруш таъсир қилди. Энди ҳар ҳафта университетда бизга маърузалар ўқишади, уларда катта авлод вакили бизга уруш ва Россиянинг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб беришади. Мен ҳали ҳам дин ишлари бўйича марказ ходимининг сўзларини эслайман: “Мен қадимий православ рус маданиятининг вакили сифатида Россия қўшинлари сатанистларга қарши курашаётганини таъкидлайман”. Бу — сафсата, бу — бемаънилик. Украинадаги урушга биз — мустақил Ўзбекистон ёшларининг қандай алоқамиз бор?, деб ёзган Муҳиджон.
Талаба у ва дўстлари Украинани фаол қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Муҳиджон соғлом фикрли ҳар бир шахс урушга қарши эканини таъкидлади.
Биз ҳаммамиз бу жиноий, ахлоққа зид урушга қаршимиз. Соғлом фикрли одамлар ҳар доим ҳар қандай уруш ва зўравонликка қарши. Мен Украина ўз озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишига чин дилдан ишонаман. Биз иллюзиялардан йироқмиз, агар Украина мағлубиятга учраса, озодлик ва мустақилликни қўлимизда қурол билан ҳимоя қилишимизга тўғри келишини жуда яхши биламиз, дея хулоса қилди у.
Изоҳ (0)