Америка Қўшма Штатлари Миллий разведка директори Тулси Габбард Россия масалалари билан шуғулланадиган юқори мартабали ходимани махфий маълумотлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилди. Бу ҳақда The Economist нашри хабар берди.
Манбаларга кўра, исми ошкор этилмаган бу ходима 2016 йилдан буён Россия ва Евросиё масалалари билан шуғулланиб келган. У АҚШдаги президентлик сайловларига Россия аралашгани ҳақидаги хабарларни текширган ва мазкур ҳисоботларни мувофиқлаштирган. Кейинчалик эса Россия ҳамда бошқа собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги операциялар ва таҳлилий ишлар билан боғлиқ юқори лавозимларда фаолият юритган.

У билан бирга яна 36 нафар собиқ ва амалдаги ходим ҳам махфий маълумотларга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Улар Конституцияга қилган қасамёдини бузганликда айбланмоқда.
Россия бўйича ишларга бошчилик қилган мазкур ходима Дональд Трамп даврида лавозимидан озод этилган энг юқори мартабали амалдорлардан бири ҳисобланади. У Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви ҳақидаги ҳисоботни тайёрлашда қатнашган Шелби Пирсон ва Вин Нгуэн билан бир қаторда тилга олинган.
Дональд Трамп президентликка қайта сайлангач, агентликлар, федерал идоралар ва Миллий хавфсизлик кенгашидан ўнлаб ходимларни ишдан бўшатди. Қисқартиришлар Ядро хавфсизлиги миллий бошқармасида ҳам амалга оширилган.
Reuters ва Axios нашрларининг июль ойида эълон қилган маълумотларига кўра, бош прокурор Пем Бонди Трампга қарши терговларда иштирок этган 20 дан ортиқ ходимни ишдан бўшатган.
Financial Times эса Трамп ва Владимир Путиннинг Аляскадаги саммити олдидан АҚШ делегациясида Россияни яхши биладиган сиёсатчи қолмаганини ёзганди. Бунга сабаб сифатида Дональд Трампнинг разведка хизматида Россия билан ишловчи мутахассисларни ёппасига ишдан бўшатгани келтирилган.
Изоҳ (0)