Янги ўқув йили бошланиши талабалар қайси босқичда таҳсил олишига қараб турлича белгиланди. Бу бўйича олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи тасдиқланган.

Буйруққа кўра, олийгоҳларнинг 1-босқич талабаларига дарслар 3 сентябрдан, юқори курсларга 8 сентябрдан бошланади.
Академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ҳам 3 сентябрдан дарсларда қатнаша олади.
Олий таълим ташкилотларида биринчи босқичга қабул қилинган талабалар учун “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилади, дейилади манбада.
Манба ҳафталик доирасида талабалар олийгоҳ фаолияти билан таништирилиши, уларга кредит-модул тизими мазмун-моҳияти ва афзалликлари тушунтирилишини қайд этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда якуний танлов натижалари (мандат) эълон қилинганди. Мамлакатда 2025/2026-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун 732 минг 411 нафар абитуриент рўйхатдан ўтганди. Охирги 7 йилдаги абитуриентлар сонига қаралса, жорий йилда рўйхатдан ўтганлар энг кам миқдорни ташкил этди.
Президент фармонига кўра, 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим тизимида сиртқи шаклда ўқишга қабул тўлиқ тўхтатилди. Сиртқи таълим ўрнига кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.
Изоҳ (0)