Фарғонада божхонада товар кодларини арзонроғига алиштириш орқали камроқ бож тўлашга уринган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги кодини божхона юк декларациясида тўғри қўллаш давлат бюджетига божхона тўловларини тўлиқ ундиришга хизмат қилади. Шундай товарлар борки, улар ўхшаш бўлсада, турлича кодлар билан таснифланади ва божхона ставкалари ҳам турлича белгиланади.
“Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам товар кодлари ўхшашлигидан устомонлик билан фойдаланишга уриниб, юқори ставкали товарларни гўёки паст ставкали товарлар тарзида олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди.

Бунда тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига четдан келтирилган 2876 дона мониторлар божхона кўригидан ўтказилганида, кўрсатилганидек “суюқ кристалли дисплей” эмас, аксинча “суюқ кристалли рангли монитор” эканлиги маълум бўлган.
Қиймати 2,6 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур мониторлар расмий импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 350 миллион сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди. Ушбу маблағлар билан энг кам пенсия оладиган 44 нафар фуқарони бир йил давомида пенсия билан таъминлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аниқланган 1,2 мингдан зиёд контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 55,4 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Изоҳ (0)