Баъзида грим усталари чиндан ҳам “кўздан қочириши”, суратга олиш гуруҳи чарчаб қолиши, режиссёр эса бирор-бир майда детални эътибордан четда қолдириб, бехосдан кинодаги ҳийлаларни фош қилиб қўйиши мумкин.
“Кичкина аёллар” (2019)
“Кичкина аёллар” фильмининг саҳналаридан бирида Тимоти Шаламе персонажининг орқасида замонавий кўринишдаги сув идишини пайқаш мумкин.
Айримлар тилга олинган сув идиши аслида гидрофляга бўлиши мумкин деб тахмин қилишмоқда. Чунки фильм воқеалари содир бўлган 1863 йилда бундай замонавий сув идишлари сотувда бўлмаган.
“Уйда ёлғиз” (1990)
“Уйда ёлғиз” фильмида Кевин зинапоядан чанада сирғаниб тушмоқчи бўлганида, дастлаб кириш эшиги сал очиқ турганини кўрамиз. Кейинги кадрда эса у ланг очиқ бўлади. Эҳтимол, улар саҳналарни турли вақтларда суратга олишган ва орада озгина чалкашлик юз берган.
“Гладиатор” (2000)
Фильмнинг бир саҳнасида осмонда Максимус замонида мавжуд бўлиши мутлақо мумкин бўлмаган транспорт воситаси аниқ кўзга ташланади. Айтганча, бу фильм ўз вақтида энг яхши визуал эффектлар учун “Оскар”ни қўлга киритганди.
Қизиғи, худди шундай самолётни синчков томошабинлар “Троя” фильмида Ахиллеснинг (Бред Питт) боши тепасида ҳам пайқашган. Чамаси, нафақат қадимги римликлар, балки уларнинг юнонистонлик ҳамкасблари ҳам учиш сирларидан бохабар бўлган.
Бундан ташқари, гладиаторлар жангида араваларнинг бирида яширинган замонавий инсоннинг пойабзали ҳам кўзга ташланган. Айтганча, бошқа бир аравада эса ҳақиқий газ баллони беркитиб қўйилган.
“Клеопатра” (1963)
Тарихий фильмда Клеопатра кўпинча замонавий пошнали туфлиларда намоён бўлади. Қизиғи шундаки, баъзида “ҳақиқийликни” таъкидлаш учун малика ўша давр учун одатий бўлган сандал кияди, аммо кейинги кадрда яна ҳашаматли пойабзалга ўтиб қолади.
Чамаси, ўша пайтларда либослар асосан бош қаҳрамонларнинг гўзаллигини бўрттириш учун яратилган.
“Гарри Поттер ва махфий ҳужра” (2002)
Гарри ва Рон 9 ва 3/4 платформасидаги порталга йўл олишганида, Букл лақабли бойқуш қафасда сокин ўтирарди. Гарри югуриб келиб деворга урилганда, қафас очилиб, бойқуш нусхаси кўриниб қолади. Сеҳр ўз йўлига, суратга олиш пайтида биронта ҳам жониворга зарар етмаслиги керак.
“Матрица” (1999)
Нео (Киану Ривз) агентлардан қочишга уриниб, телефонини тушириб юборган саҳнада пастда тўпланиб турган одамлар аниқ кўринади. Бир неча кадрдан сўнг, оломон ғойиб бўлади ва кўча деярли бўшаб қолади.
“Гарри Поттер ва Аланга кубоги” (2005)
Китобда Гермионанинг Рождество бали учун кийган либоси мовий рангда тасвирланган. Бироқ костюмерлар Эмма Уотсонга пушти ранг кўпроқ ярашишини билиб, айнан шу рангни танлайди. Гарчи мухлислар узоқ вақт давомида сюжет тафсилотларидаги бундай номувофиқликдан норозилик билдирган бўлсалар-да. Аслида, мовий рангдаги либосда ҳам ёш Гермиона жуда гўзал кўринарди.
“Гуччи уйи” (2021)
“Гуччи уйи” фильмида Патриция Режани (Леди Гага) Маурицио Гуччининг (Адам Драйвер) мотоцикли ойнасига телефон рақамини ёзиб қўяди. Кадр ўзгаргандан кейин рақамлар нафақат қайта ёзилган, балки ўринлари ҳам алмашиб кетган.
Изоҳ (0)