Кениянинг Найроби шаҳридаги миллий боғ яқинида шер 14 ёшли қизни ғажиб ташлади. Бу ҳақда Кения ёввойи табиат хизматига таяниб, BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, шер Саваннаҳ Ранч меҳмонхонаси атрофида қизга ташланган. Ҳужум ҳақида воқеанинг гувоҳи бўлган бошқа бир ўсмир хабар берган. Ҳалок бўлган қизнинг жасади кейинчалик яқин атрофдан оқиб ўтувчи Мбагати дарёсидан топилган. Ҳудудда шерни қидириш ишлари давом этмоқда.
Найроби миллий боғи шаҳар марказидан атиги 10 километр масофада жойлашган бўлиб, у ерда шерлар, жирафалар, қоплонлар ва гепардлар каби ҳайвонлар яшайди. Боғ ҳайвонларнинг шаҳарга чиқиб кетишини олдини олиш учун уч томондан панжара билан ўралган. Бироқ жанубий томони эса очиқ бўлиб, ҳайвонларга ҳудудга кириб-чиқиш имконини беради.
Юқоридаги ҳолат сўнгги пайтларда йиртқич ҳайвонлар билан юз берган ягона вазият эмас. Жумладан, апрель ойи бошида Мисрда йўлбарс томошабинлар кўз ўнгида цирк ижрочисига ташланиб, унинг қўлини узиб олганди. Йўлбарс металл панжаралар орасидан ўтказилган цирк ходимининг қўлини ваҳшийларча ғажиган.
Жароҳатланган эркак шошилинч равишда шифохонага олиб кетилган. У тўрт соатлик жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, жарроҳлар унинг қўлини асраб қолишга уринган. Аммо жароҳатлар жуда оғирлиги сабабли шифокорлар қўлни кесишга қарор қилган.
Йўлбарс циркдаги намойишлардан четлатилган ва Қоҳирага қайта тайёргарликдан ўтиш учун юборилган. Ҳужум ортидан маҳаллий прокурорлар ҳудуддаги барча циркларга фаолиятини тўхтатишни буюрган эди.
Изоҳ (0)