Гарврард университети АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти университетни 2,2 миллиард долларга молиялаштиришни музлатиб қўйгани учун судга берди. Бу ҳақда университет президенти Алан Гарбер маълум қилди.
-_CrmOT9b.avif)
Директор Трамп администрацияси ҳаракатларининг оқибатлари “жиддий ва узоқ муддатли бўлиши”ни қайд этди. У тиббий, илмий ва технологик тадқиқотларнинг қисқариши “америкаликлар ҳаётини сақлаб қолиш қобилиятига путур етказиши”ни таъкидлади. Оқибатда “Американинг инновациялар соҳасидаги жаҳон етакчиси сифатидаги мавқейини заифлаштиришини” билдирди.
Биз молиялаштиришни музлатиб қўйишни бекор қилиш учун судга мурожаат қилдик, чунки бу ноқонуний ва ҳукумат ваколатлари доирасидан ташқарида амалга оширилган, деди Гарбер.
У АҚШ расмийлари ўз ҳаракатларининг изоҳи сифатида университет кампусларидаги антисемитизм намойишларига ишора қилганини таъкидлади.
Яҳудий ва америкалик сифатида антисемитизмнинг кучайиши ҳақида асосли хавотирлар борлигини жуда яхши биламан. Бу муаммони самарали ҳал қилиш учун тушуниш, интилиш ва ҳушёрлик зарур. Гарвард бу ишга жиддий қарайди. Биз қонуний мажбуриятларимизни тўлиқ бажараётганимиз сабабли нафратга қарши курашни давом эттирамиз. Бу нафақат бизнинг юридик масъулиятимиз, балки маънавий бурчимиздир, деди у.
51 саҳифадан иборат ҳужжатда Гарвард суддан молиялаштиришни музлатиб қўйишни бекор қилишни ва ҳукуматнинг 3 ва 11 апрелда йўллаган мактубларида баён этилган талабларни ноқонуний деб топишни сўрамоқда. Даъво Бостон федерал судига топширилган. Унда турли амалдорлар ва ҳукумат агентликлари жавобгар сифатида кўрсатилган.
Оқ уй вакили Харрисон Филдс Гарвард университетининг даъвосига муносабат билдирар экан, Гарвард каби муассасалар учун федерал ёрдам дастури якунига етаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “солиқ тўловчиларнинг маблағлари — бу имтиёз, Гарвард эса ушбу имтиёздан фойдаланиш учун зарур бўлган асосий шартларни бажармаяпти”.
Трампнинг Гарвард университетига қўйган талаблари
Америка ҳукумати 11 апрель куни Гарвардга расмий мактуб йўллаб, университет агар кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширса, федерал молиялаштиришни сақлаб қолиши мумкинлигини билдирган. Акс ҳолда деярли 9 миллиард долларлик молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Трамп маъмуриятининг фикрича, ўтган йили Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказилган намойишлар пайтида Гарвард ва бошқа Америка олий ўқув юртларида антисемитизмга йўл қўйилган. Шу сабабли Гарвард университетига қуйидаги талаблар қўйилган:
бошқарув тизимини ислоҳ қилиш;
илмий фаолиятдан кўра фаолликка (активизмга) берилган профессор-ўқитувчиларнинг таъсирини камайтириш;
АҚШ қадриятларига нисбатан душманона муносабатда бўлган талабаларни қабул қилмаслик;
шунингдек, хулқ-атвор қоидаларини бузган “грин карта” эгалари ҳақида полицияга хабар бериш.
Гарвард президенти Алан Гарбер 14 апрель куни университет ҳукуматнинг бу талабларини бажармаслигини маълум қилди. Шундан сўнг АҚШ ҳукумати университетга ажратилган 2,2 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги грант ва шартномавий маблағларни музлатиб қўйди.
Изоҳ (0)