Ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов Гарвард университетида докторлик унвонини олди. Бу ҳақида Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Дўстим, ҳаммуаллифим, подкастдошим ва қадрли акам — Ботир Қобилов бугун Гарвард университетидан докторлик унвонини олдилар.
Ботир ака билан фахрланамиз. Ватанимиз, миллатимизга Ботир акадек олимлар муборак бўлсин. Ботир ака Гарвардда докторлик қилган биринчи ўзбекистонлик бўлди, — деб ёзди Беҳзод Ҳошимов.
Harvard Business School сайтидаги маълумотларга кўра, Ботир Қобилов Гарвардга киришдан аввал Дьюк университетида магистрлик, Сингапур менежментни ривожлантириш институтида бакалавр даражаларини олган. Карьераси давомида Ўзбекистон Марказий банкида етакчи иқтисодчи сифатида ишлаган.
2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ сафари доирасида ўзбекистонликлар билан учрашганди. Кейинроқ тадбирда қатнашган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов ўзининг Uzbekonomics муаллифлик подкасти махсус сонида президент билан бўлган учрашув ҳақида гапириб берган эди.
Изоҳ (0)