Ўзбекистонда президент фармони билан тасдиқланган лойиҳага асосан тўйлар тартибга солинади.
Бу президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатида келтирилган.
Унда жорий йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш бўйича янги механизмлар назарда тутилган.
Лойиҳага масъуллар этиб Олий мажлис палаталари, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита белгиланган.
Шавкат Мирзиёев 2018 йил мартида бўлиб ўтган видеоселекторда дабдабали тўйларни қоралаган, ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга боришини тақиқлаган эди.
“Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман. Вазир ё бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, тагини суриштирсак. Ўғрилик!”, — деганди ўшанда Президент.
Изоҳ (0)