Ҳиндистонда 270 кишининг ўлимига сабаб бўлган авиаҳалокатда иштирок этган самолётнинг иккала “қора қутиси” ҳам топилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири маслаҳатчиси Мишрага таяниб, The Economic Times хабар берди.

Air India компаниясига тегишли AI-171 рейси 13 июнь куни ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай Лондонга учаётган вақтда турар жой ҳудудига қулаб тушган эди. Биринчи “қора қути” шу куни самолёт ҳалокатга учраган бинонинг том қисмидан топилган.
Воқеа жойига Ҳиндистоннинг авиаҳалокатларни текшириш бюроси билан бирга бир нечта халқаро эксперт гуруҳлари етиб келган. Улар ҳалокат сабабларини аниқлашда маҳаллий терговчиларга кўмаклашмоқда.
Иккинчи “қора қути” 15 июнь куни аниқланган. У терговчиларга ҳалокатдан олдинги воқеаларни сонияга-сония таҳлил қилиш имконини беради. Бу, айниқса, учувчилар кабинасида нималар содир бўлганини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қора қутилар учувчиларнинг ўзаро суҳбатларини, радио орқали алоқани, огоҳлантирувчи сигналлар ва бортдаги механик товушларни ёзиб олган. Бу маълумотлар ҳалокатдан олдинги сўнгги дақиқаларни ёритишда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 270 нафарга етган. Расмийлар қурбонларнинг шахсини тасдиқлаш учун ДНК таҳлилларини ўтказмоқда. Ҳиндистон ва Буюк Британияда фожиада вафот этганларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтган.
Қора қути маълумотлари 2015 йилдаги Germanwings ҳалокатидан тортиб, Малайзия ҳаво йўллари билан боғлиқ воқеаларгача бўлган глобал миқёсдаги йирик авиаҳалокатларни тергов қилишда ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Изоҳ (0)