Таиланд 14 июнь куни қўшниси Камбожа билан музокаралар ўтказиб, узоқ муддатли чегара можаросини ҳал қилганини маълум қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Прасас Прасасвинитчаи бошчилигидаги Таиланд делегацияси ва Чегара ишлари бўйича котибиятни бошқарадиган давлат вазири Лам Чеа бошчилигидаги Камбожа контингенти 14 июнь куни Камбожа пойтахти Пномпен шаҳрида низони ҳал қилиш учун учрашув ўтказган.
Икки давлат қўшинлари май ойида Камбожа, Таиланд ва Лаос чегаралари туташган “Зумрад учбурчак” деб номланувчи ҳудудда отишма уюштириб, бир нафар камбожалик аскар ҳалок бўлган эди. Таиланд ташқи ишлар вазирлигига кўра, Қўшма чегара комиссияси йиғилиши икки давлат ўртасида ўзаро англашувга олиб келган.
Вазирлик матбуот котиби Никорндеж Баланкура матбуот анжуманида “дипломатик мулоқот энг самарали йўл бўлиб қолаётганини” айтиб, асосий музокаралар 15 май куни бўлиб ўтишини қўшимча қилган. Сўнгги кунларда Таиланд Камбожа билан чегарада назоратни кучайтирган. Камбожа эса ўз навбатида қўшинларидан тўлиқ шай ҳолатга келтирган.
Икки давлат ҳам муаммони ҳал қилиш ва миллатчилик кайфиятини йўқотиш учун мулоқот қилишга ваъда берганига қарамай, Бангкок чегарани ёпиш ва қўшнисига электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Пномпен Таиланд электр энергияси, интернет ўтказувчанлиги ва маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатишини эълон қилган. Шунингдек, маҳаллий телеканалларга Таиланд фильмларини намойиш этмасликни ҳам буюрганди.
Таиланд ва Камбожа ўртасидаги баҳс 1887 йилдан 1954 йилгача Ҳиндистон-Хитойни французлар босиб олган даврда асосан 820 км чегара чизилганлиги билан боғлиқ. Қуруқлик чегарасининг баъзи қисмлари чегараланмаган ва ҳар икки томон ўнлаб йиллар давомида рақобатлашган қадимий ибодатхоналарни ўз ичига олади. Минтақада 2008 йилдан бери вақти-вақти билан зўравонлик содир бўлиб, камида 28 киши ҳалок бўлган.
Камбожа бош вазири Хун Манет шу ой бошида Камбожа Халқаро судга 4 та баҳсли чегара ҳудуди, жумладан, сўнгги тўқнашув жойи устидан шикоят қилишини маълум қилган эди. Таиланд эса икки томонлама ечимни талаб қилмоқда.
Хун Манет жума куни Facebook’даги постида 4 та ҳудуд ва чегара чекловлари шанба кунги музокараларда муҳокама қилинмаслигини айтган. Ҳукумат 15 июнь куни ишни қўзғатиш режаси бўйича Халқаро судга расмий хат юборишини қўшимча қилган.
Изоҳ (0)