Украинадан сўнг Россия ҳам дронларни уриб туширишда Иккинчи жаҳон уруши самолётларидан фойдаланмоқда. Рус муҳандислари “Як-52” ўқув самолётини “Як-52Б2” даражасида модернизациядан ўтказиб, учувчисиз учиш қурилмаларига қарши “ад-ҳоc” жанговар самолётига айлантирди.

Рус манбаларининг ёзишча, бу билан конструкторлик бюроларидан бири шуғулланган бўлиб, Афғон уруши даврида ишлаб чиқилган “Як-52Б” “енгил ҳужумчи” самолётлари тажрибасига мурожаат қилинган.
“Як-52Б2” модели модернизация натижасида “дронларга қарши қирувчи” тавсифини олди. Шунингдек қанотлари остига 90 кг дан юк ортиш имкониятига эга бўлди. Руслар бундан ҳаво нишонларини узоқ масофадан аниқлаш ва кузатиш имконини берувчи сенсор минораси ҳамда 12 калибрли ов милтиғи ўрнатишда фойдаланган.

Мазкур лойиҳа учун “Як-52” бежиз танлаб олингани йўқ. Маҳаллий манбаларга кўра, самолётнинг техник хусусиятлари бу вазифа учун Cessna-172 ва “Як-18Т” каби ҳаво бортларидан кўра муносиброқдир. Қолаверса, Россияда мазкур турдаги самолётларнинг йирик парки мавжуд.
Кузатувчилар “Як-52Б2” қанотлари остига ов милтиғи ўрнатилганига диққат қаратди. Гарчанд бу турдаги қуроллар фронтнинг ҳар икки томонида ҳам қўлланилаётган бўлса-да, фақат 50 метр масофада талафот етказади. Бироқ у анъанавий патронлар ўрнига дроблар (майда заррачалар) сочгани боис пластик корпусга эга дронларга қарши самаралидир. Қолаверса, Россия қонунчилиги бундан жиддийроқ қуролдан фойдаланишга рухсат бермаган. Мисол учун “ПКМТ” пулемётини қўллаш ғояси ердаги инсонларга зарар етказиш хавфи мавжудлиги боис рад этилган.

Эътиборлиси, паст баландлик ва тезликда учувчи дронларга қарши “Як-52” самолётларини қўллаш ғояси украиналикларга тегишли. Бироқ улар бундан примитив усулда фойдаланган эди. Яъни бир учувчи самолётни бошқарган, иккинчиси эса нишонга қўлда зарба берган. Бу самолёт фонари очиқ ҳолатда амалга оширилган. Рус конструкторлик бюроси жараённи автоматлаштирди.

Қайд этилишича, “Як-52Б2” нафақат узоқ масофали учувчисиз учиш қурилмалари, балки Aeroprakt A-22 каби гибрид дрон-самолётларни ҳам уриб туширишга мўлжалланган.
Изоҳ (0)