Исроил Теҳрондан келаётган ядровий таҳдидга қарши туриш учун Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳам ўлдириши мумкин. Бу ҳақда исроиллик юқори мартабали амалдорга таяниб The Wall Street Journal хабар бермоқда.

Исроиллик амалдорга кўра, Оятуллоҳнинг ўлдирилиши Исроил учун “табу эмас”. Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш “Теҳрон ўз ядровий дастуридан воз кечмагунча ёки Исроил уни қайта тиклаш имкониятидан бутунлай маҳрум қилмагунча” давом этади.
“Исроил Оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш имкониятини истисно этмайди, лекин бу кўплаб омилларга боғлиқ”, дея хабар берган Исроилнинг 12-канали ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб.
Қайд этилишича, Исроил мудофаа армияси зарбалари “нафақат ядровий инфратузилмага қарши, балки душманнинг сиёсий ва ҳарбий барқарорлигига путур етказиш” учун ҳам амалга оширилмоқда.
Эрон-Исроил можароси
13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро қуроли яратишга яқинлашгани сабабли ядровий, ҳарбий объектлар ва юқори мартабали ҳарбийлар жойлашган манзилларга ҳужум қилди. Зарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча раҳбарлари ва эронлик физик-ядрошунослар ҳалок бўлди. Улар орасида Корпус қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бақерий, ИИҚК “Хотам ал-Анбиё” бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид, шунингдек, олимлар Фаридун Аббосий Давоний ва Озод Муҳаммад Маҳдий Теҳрончий бор. Жами 78 киши ҳалок бўлди, 320 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Эрон олий раҳбари Исроилнинг зарбаларини уруш эълони деб атади. “Урушни улар бошлашди. Биз уларнинг ўша ёвузлигидан кейин омон қолишига йўл қўймаймиз”, деди Али Хоманаий. Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда-3” жавоб операцияси бошланганини эълон қилди. Эрон Исроилга уч марта ракета зарбалари берди.
Изоҳ (0)