Ўзбекистонлик ҳакам Рустам Лутфуллин Қадарда бўладиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ишлайди. Бунинг натижасида FIFA илк бор бир йил ичида икки хил ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасини турли мусобақаларга тайинлади. Футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг таъкидлашича, бу тарихда илк марта юз берган.

Унга кўра, аввалги йилларда асосан Равшан Эрматовни FIFA ташкил қиладиган мусобақаларга тайинланган, натижада бошқа номзодлар, хусусан Валентин Коваленко эътибордан четда қолган. Бироқ ҳозир вазият ўзгарган:
Ўзбекистон футболи тарихида илк бор бир йил ичида икки хил ҳакамлар бригадаси FIFA мусобақаларига жалб этилди. Мен бу ерда футзал, пляж футболи ёки аёллар футболи мусобақаларини назарда тутмаяпман. Албатта, аввал Равшан Эрматов футзал бўйича турнирларда фаолият олиб борган Шуҳрат Пўлатов ҳамда пляж футболи мусобақаларига бир неча бор чақирилган Бахтиёр Номозов билан тўқнаш келган бўлиши мумкин, аммо футболда бу ҳолат биринчи марта юз берди, дейди Никимбаев.
Унинг таъкидлашича, собиқ ҳакам Валентин Коваленко ҳам Жаҳон чемпионатида ишлаш салоҳиятига эга бўлган. Бироқ FIFA унга имкон бермаган:
Илгари FIFA фақат Равшан Эрматовни тайинлаб келар эди. Ҳолбуки, Коваленконинг ҳакамлик даражаси ОФК томонидан юқори баҳоланган ва Осиё Кубоги ҳамда Чемпионлар Лигаси финалига тайинланган. Ўша йилларда ОФК ҳакамлар қўмитасидаги ҳамкасбларим “Валентинга бошқа мамлакат паспорти насиб қилганида, у Жаҳон чемпионатига ишлаш имконига эга бўларди” деган эди, дея эслайди мутахассис.

Никимбаевнинг фикрича, бугунги кунда FIFA Илгиз Танташев ҳамда Рустам Лутфуллин каби янги номларга бирдек ишонч билдирмоқда:
FIFA Танташевнинг меҳнатини юқори баҳолаб, энди Лутфуллинга ҳам имконият бермоқда. Бу — Ўзбекистон ҳакамлик мактабига билдирилган юксак эътибор. Бироқ бу ишонч уларга аванс тарзида берилган деб ўйлайман. Ҳар икки ҳакам ҳам ўз устида янада кўпроқ ишлаши керак, дея қўшимча қилади Никимбаев.

Шунингдек, Алишер Никимбаев ёзда содир бўлган айрим баҳсли ҳолатлар юзасидан Танташев ва Лутфуллин FIFA томонидан сўроққа тутилганини ҳам эслатиб ўтган:
Ўзимиз эса ҳакамларимизга кўпроқ талаб қўяётган кўринамиз. Ҳар бир хатони бир умрга татигулик дея баҳолаяпмиз. Аслида, муҳим жиҳат — хатога эмас, унга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Илгиз ва Рустам ёзда юз берган ҳолатлардан қандай хулоса чиқаришса, бу уларнинг нафақат ички чемпионатдаги, балки FIFA мусобақаларидаги келажагини ҳам белгилайди, дейди Никимбаев.

Маълумот учун, 2025 йилнинг ёзида ўтказилган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Илгиз Танташев иштирок этган эди. 3 ноябрдан 27 ноябрга қадар Қатар майдонларида ўтадиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида эса Рустам Лутфуллин ишлаш имконига эга бўлган.
Изоҳ (0)