Ҳиндистон ҳукумати электр энергиясини тежаш мақсадида янги кондиционерлардаги ҳарорат созламаларига чеклов киритмоқчи. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Мамлакат энергетика вазири Маноҳар Лал Хаттар июнь ойида янги қоидани таклиф қилган. Унга кўра, Ҳиндистонда сотиладиган кондиционерлар ҳароратини 20 даража Цельсийдан пастга созлаш тақиқланади. Бу ўзгариш 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолига эга мамлакатда катта ҳажмдаги энергияни тежаши кутилмоқда.
Ҳиндистон дунёдаги энг йирик кондиционер бозорларидан бири бўлиб, йилига 10 миллиондан 15 миллионгача кондиционер сотилади. Бу аҳоли даромадларнинг ортиши, урбанизация ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ.
Ҳозирда кондиционерлар учун энг паст ҳарорат 17 даража ҳисобланади. Расмийларнинг таъкидлашича, кондиционер ҳарорати ҳар бир даражага кўтарилганда тахминан 6 фоиз энергия тежалади.
Энергетика соҳаси мутахассислари бу таклифни ижобий баҳолаган. Вазир қоида тез орада кучга киришини айтган, бироқ аниқ санани маълум қилмаган. Таклиф Ҳиндистоннинг жазирама шаҳарларида истиқомат қилувчилар орасида турлича қаршиланган.
Умуман олганда, энергияни тежашга уриниш яхши деб ўйлайман. Бироқ ҳукумат одамларнинг ҳаётини ҳаддан ташқари ноқулай қилиб қўймаслигига умид қиламан. Баъзан Ченнай каби шаҳарларда ҳаво ўта иссиқ ва нам бўлади, шунинг учун кондиционерни паст ҳароратга созлашга мажбур бўламиз. Акс ҳолда, қизимнинг танасида иссиқликдан тошмалар пайдо бўлади, дейди Ченнай шаҳрида рафиқаси ва 4 ёшли қизи билан яшовчи 37 ёшли ўқитувчи Викрам Каннан.
Ҳиндистонда энергия истеъмоли, айниқса, ёз ойларида кескин ошади. Бу даврда айрим ҳудудларда ҳарорат 51 даража Цельсийгача етиши мумкин.
Изоҳ (0)