Россия 14 июлга ўтар кечаси Украинанинг 4 та шаҳрига дронлар ва бошқариладиган бомбалар билан зарба берди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Суми шаҳрига қилинган ҳужумлар оқибатида 50 ва 55 ёшли 2 нафар эркак ҳалок бўлгани маълум қилинган. Бундан ташқари, кўп қаватли уйда 4 нафар фуқаро, жумладан 7 ёшли бола жароҳатланган.
Суми шаҳрининг ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг таъкидлашича, Шостка ҳудудида ҳаммаси бўлиб, 30 га яқин кўп қаватли ва хусусий турар жой бинолари, шунингдек, нотурар бинолар шикастланган. Шаҳардаги фуқаролик инфратузилмаси объектида ёнғин содир бўлган ва у тезда ўчирилган. Таъкидланишича, ҳудудда жароҳатланганлар йўқ.
Россия дронлари худди шу куни Днепропетровск шарига ҳам ҳужум қилган. Ҳудудда бир нечта турар ва нотурар бинолар ёниб кетган, 3 киши жароҳат олган. Улардан 2 нафар 13 ёшли қизнинг аҳволи қониқарли дея баҳоланган, 51 ёшли эркак эса оғир аҳволда. Кривой Рог ва Никопол шаҳарларида ҳам зарбалар ҳақида маълумот берилган, лекин қурбонлар йўқлиги айтилган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакат ҳудудида 61 та Shahed туридаги дронларни уриб туширганини ва яна 47 та дрон имитатори йўқ қилинганини билдирган. Шунингдек, Курск вилоятидан Украина ҳудудига 4 та “С-300/400” зенит-ракеталар учирилган.
Россия ҳарбий департаменти маълумотларига кўра, 14 июлга ўтар кечаси Орёл шари осмонида 6 та дрон уриб туширилган. Улар Брянск, Курск, аннексия қилинган Қрим ва Қора денгиз осмонида қайд этилган.
Изоҳ (0)