Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилиб, тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.

Президентнинг тегишли фармони билан:
Ҳилола Уктамовна Умарова Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан озод этилди;
Тамила Анваровна Алиева Президент администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди;
Тимур Нурйигитович Бутунбаев Президент администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди;
Нодира Жалаловна Хакимова Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди;
Шерзод Фарход ўғли Озодзода Президент администрацияси раҳбарининг тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президент Администрацияси иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилди;
Дилноза Мурадовна Зиямухамедова Президент администрацияси раҳбари котибияти мудири лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президентнинг ёрдамчиси котибияти мудири лавозимидан озод этилди.
Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди
Шавкат Мирзиёев томонидан “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ, Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.
Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ҳамда қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.
Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)