Норвегиянинг йирик пенсия жамғармаси KLP Исроил ҳарбийларига ускуналар сотадиган 2 та компания билан ҳамкорликни тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Жамғармага кўра, АҚШнинг Oshkosh корпорацияси ва Германиянинг ThyssenKrupp саноат фирмаси томонидан сотиладиган ускуналар Ғазодаги урушда ишлатилмоқда. Компаниялар асосан юк машиналари ва ҳарбий транспорт воситаларига ихтисослашган.
“2024 йил июнь ойида БМТ орқали бир нечта компаниялар Исроил армиясига қурол ва ускуналар етказиб бераётгани ва бу қуроллар Ғазода қўлланилаётгани ҳақида хабар топдик. Хулосамиз шуки, Oshkosh ва ThyssenKrupp компаниялари бизнинг инвестиция кўрсатмаларимизга зид иш тутмоқда”, деди KLP вакили.
Жамғарма маълумотларига кўра, у 2025 йил июнигача Oshkosh’га 1,8 миллион доллар ва ThyssenKrupp’га деярли 1 миллион доллар сармоя киритган.
1949 йилда ташкил этилган ва мамлакатдаги энг йирик пенсия жамғармаси бўлган KLP тахминан 114 миллиард долларлик фондни назорат қилади. У муниципалитетлар ва давлат секторидаги корхоналарга тегишли бўлган давлат пенсия жамғармаси саналади. Унда асосан 900 000 га яқин муниципал ишчилари қамраб олинган.
KLP қарор қабул қилишдан олдин иккала компанияни ҳам огоҳлантирган. Oshkosh “Ғазода Исроил армияси томонидан фойдаланиладиган ускуналарни, асосан транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмларни сотганини ва сотишда давом этаётганини” тасдиқлаган.
ThyssenKrupp Исроил армияси билан узоқ муддатли алоқалари борлигини тан олган. Хусусан, у 2020 йил ноябридан 2021 йил майигача бўлган даврда Исроил денгиз флотига Саъар 6 типидаги 4 та ҳарбий кема етказиб берган. Немис компанияси, шунингдек, 2025 йилнинг охирида Исроил ҳарбий-денгиз кучларига сув ости кемасини етказиб беришни режалаштирмоқда.
Пенсия жамғармаси инсон ҳуқуқларини бузадиган компаниялар билан бизнесни тугатиши биринчи марта эмас. У 2021 йилда 16 та компаниядан, жумладан, телекоммуникация гиганти Motorola’дан воз кечганди. Уни жамғарма босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний Исроил аҳоли пунктлари билан алоқаси борликда айблаган. Ўша йили KLP Мьянма ҳарбий ҳукумати билан алоқадорлиги боис Adani Ports (Ҳиндистон порт ва логистика гуруҳи) билаб ҳам алоқаларни узган.
Изоҳ (0)