АҚШ президенти маъмурияти айрим Африка давлатларига ноқонуний мигрантларни қабул қилиш бўйича расмий таклиф юборди. Бу ҳақда манбаларга таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

Бу таклиф Габон, Гвинея Бисау, Либерия, Мавритания ва Сенегал ҳукуматларига йўлланган. Гап АҚШдан депортация қилинаётган, аммо ўз ватани қайтариб олишдан бош тортаётган ёки жараённи кечиктираётган мигрантлар ҳақида кетмоқда. Маъмурият бундай ҳамкорлик АҚШ билан савдо алоқаларини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Трамп ушбу давлатлар етакчилари билан иқтисодий ва хавфсизлик масалаларига бағишланган саммит доирасида учрашув ўтказишни режалаштирган. Учрашув олдидан Африка етакчиларига Трамп учун ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш масаласи устувор йўналиш экани етказилган. Мазкур таклифга уларнинг розилик билдиргани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.
АҚШ президенти маъмурияти Молдова ва Косовога ҳам шу мазмундаги норасмий таклифлар юборгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, АҚШ Бенин, Руанда, Ливия, Эсватини ва Мўғулистон билан ҳам депортация масаласида музокаралар олиб бормоқда.
АҚШда ноқонуний бўлиб турганлар депортация қилиниши
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни судсиз депортация қилишга рухсат берган. Трамп сайловолди кампаниясидаёқ муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган. 2025 йил февралида Коста Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини айтди. 2025 йил февралида 7 нафари Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинди. Март ойи бошларида яна 10 нафар фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилди.
Депортация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари сони 975 кишини ташкил этмоқда. Умумий ҳисобда, турли давлатлардан 1 445 549 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилади. АҚШдан 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
АҚШда мигрантлар учун ўз-ўзини депортация қилишга мўлжалланган илова ишга туширилган. CBP Home деб номланган мобил илова ноқонуний мигрантларга ҳибсга олинмасдан, мамлакатни мустақил равишда тарк этиш имконини беради. Улар кейинчалик қонуний равишда қайтиб келиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)