Украина ва Россия делегациялари 2 июнь куни Истанбулда тинчлик музокараларининг иккинчи раундини ўтказади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Музокаралар Тошкент вақти билан соат 15:00 да бошланади. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги учрашув Чироғон саройида бўлиб ўтишини маълум қилган. Украина президенти Владимир Зеленский делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилишини айтган.
Биринчидан, тўлиқ ва сўзсиз равишда ўт очишни тўхтатиш. Иккинчидан, асирларни озод этиш. Учинчидан, ўғирланган болаларни қайтариш. Ишончли ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш ҳамда хавфсизликни кафолатлаш учун энг юқори даражадаги учрашувга тайёргарлик кўриш лозим. Асосий масалаларни фақат етакчилар ҳал қила олади, деди Зеленский.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага 2 июнь куни Истанбулда музокараларнинг янги раундини ўтказишни таклиф қилганини айтди. Россия делегациясига президент Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский бошчилик қилади.
Россия ва Украина делегациялари 16 май куни Истанбулда учрашган эди, бу томонлар ўртасида 2022 йил баҳоридан бери ўтказилган биринчи тўғридан-тўғри музокаралар бўлди. Унинг доирасида томонлар “1000 га 1000” форматида энг йирик ҳарбий асир алмашинувини амалга оширди.
Изоҳ (0)