Ижтимоий тармоқларда Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуасига қарашли 202-сонли қувурда техник носозлик содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат бўйича мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш жараёнида 8 июнь куни “Кофурун” МФЙда жами 5 та нуқтада, соат 08:00 дан 11:00 гача турли ўлчов ускуналари орқали атмосфера ҳавосидаги водород сулфид (H₂C) гази миқдори назорат қилинди.
“Жумладан, авария содир бўлган қудуқ атрофида (500 м), шарқий, ғарбий ва шимолий йўналишларда 1000 м дан 3000 м гача бўлган масофаларда ҳамда Кофурун қишлоғида (1500 м) олиб борилган ўлчов натижаларига кўра, барча нуқталарда водород сулфид даражаси меъёрдан ошмаган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан атмосфера ҳавосини ўрганиш ва мониторинг қилиш ишлари ҳудудда доимий равишда олиб борилади.
Бойсун конидаги авария
- 2024 йил 1 сентябрь куни соат 15:17 да Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сон қудуғида бурғилаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.
- Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Президент топшириғига асосан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов ҳодиса жойига етиб борган.
- 15 сентябрь куни соат 16:50 да сизиб чиқиш тўхтатилган. Аммо мазкур конда 17 сентябрь куни яна газ чиқиш ҳолати юз берган. Янги авария оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)