Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойлик ботаник олимларнинг ҳамкорликдаги изланишлари натижасида бошоқдошлар оиласига мансуб сулибош туркумидан фан учун мутлақо янги бўлган ўсимлик тури кашф этилди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, мазкур кашфиёт замонавий илм-фан ютуқлари, яъни хлоропласт ва ядровий ДНК кетма-кетлиги таҳлиллари ҳамда анъанавий морфологик тадқиқот методлари асосида амалга оширилган. Elymus туркумининг тавсифи, идентификация калити (дихотомик аниқлагич), юқори сифатли тасвирлари, географик тарқалиши ва экологик хусусиятлари кенг ёритилган ҳолда халқаро илмий ҳамжамият эътиборига тақдим этилган.
Янги тур ўз номи билан Elymus uzbekistanicus — Ўзбекистон шарафига номланган бўлиб, нафақат Ўзбекистон флорасига, балки бутун Ўрта Осиё ботаника фанига катта ҳисса бўлиб қўшилади.

“Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу сўнгги 57 йил ичида Поаcеаэ оиласидан Ўзбекистонда аниқланган илк янги тур бўлиб, юртимиздаги биологик хилма-хилликнинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган бойлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу муҳим илмий натижа Ўзбекистон Миллий гербарийси (ТАШ) фондига асосланиб аниқлангани билан алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ноёб гербарий фонди нафақат илмий-тадқиқотлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда, балки миллий бойлигимиз, табиатимиз ва тарихимизнинг тирик гувоҳидир”, дейилади хабарда.
Тадқиқот натижалари дунёнинг нуфузли ботаник журналларидан бири бўлган ПҳйтоКейс саҳифаларида чоп этилди.
Февраль ойида Ўзбекистонлик олимлар Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фан учун янги бўлган қўнғиз турини кашф этгани хабар қилинганди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Фарғона давлат университети ихтиолог олимлари Фарғона водийси сув ҳавзаларидан фан учун янги бўлган ялангбалиқ турини кашф этишганди.
Изоҳ (0)