Архимед антик даврнинг энг йирик олимларидан бири эди. Уни кўпчилик математик сифатида билади, бироқ у даврда ҳозиргидек илмий билимлар турли соҳаларга ажратилмаган. Қадимги олимларнинг аксарияти илм-фаннинг турли йўналишлари билан шуғулланган, бироқ Архимед бу борада ҳам истисно шахс эди.
Ушбу инсоннинг ютуқлари ҳақида замонавий энциклопедиялардаги мақолалар орқали ҳам фикр юритса бўлади: “Архимед аксиомаси”, “Архимед қонуни”, “Архимед спирали”, “Архимед винти”, “Архимед кучи”. Унинг тадқиқотлари нафақат математикага, балки физика, механика, астрономияга ҳам боғлиқ. У инсонлар фаолиятининг турли соҳаларида қўлланилган кўплаб ихтироларни яратган — қишлоқ хўжалигидан тортиб, ҳарбий ишгача.
Замондошлари Архимед ўз давридан нақадар илгарилаб кетганини ҳатто тушунмаган ҳам. ХХ асрга келибгина олимлар қадимги грек 2 минг йил олдинга илгарилиб кетганини англай бошлаган. Хўш, Архимед аслида қандай инсон эди? “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида буюк олимнинг тақдир йўллари ҳақида ҳикоя қилади.
Эрта дунёга келган даҳо
Сицилия Ўрта ер денгизидаги йирик орол бўлиб, Апеннин ярим ороли ва Тунис оралиғида жойлашган. Эрамиздан аввалги VIII асрда орол ва Апеннинни эгаллаган греклар ўнлаб колонияларга асос солади, жумладан, Сиракузани ҳам эгаллайди. Греклар секин-асталик билан ушбу хосилдор ерларни забт этган, ҳозирги Италиянинг жанубий қисми ўша даврда “Буюк Греция” номини олган.
Архимед дунёга келган вақтда грек цивилизацияси сиёсий қулаш даврига юз тутганди. Эрамиздан аввалги IV асрда Грецияни “варвар” македонлар эгаллаган. Александр Македонский давлати тугатилган, Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида унинг саркардалари томонидан асос солинган янги подшоҳликлар пайдо бўла бошлаган: Македония ва Грецияни Антигон бошқарган, Мисрни — Птолемей, Сурияни — Селевк.
Шу каби нотинч даврда, эрамиздан аввалги 287 йилда Сиракузада Архимед дунёга келади. Олимнинг деярли бутун ижодий фаолияти Пун урушлари даврига тўғри келган (римликлар ўз душманлари бўлган карфагенликларни “пунлар” деб атаган).
Ўзини шоҳ Гиерон II деб атаган золим ҳукмдор илм-фанга ҳомийлик қилган ва қишлоқ хўжалиги бўйича трактатлар ёзган. Афтидан, Архимеднинг отаси Фидий унинг саройида муҳим рол ўйнаган: чунки у шоҳнинг шунчаки қариндоши эмас, балки таниқли астроном-астролог ҳам эди.
Тарихчилар у ҳақида кўп маълумотга эга эмас — Фидий ҳақида унинг ўғли ўз ишларининг бирида ёзиб кетган холос. Шу билан бирга, Архимеднинг онаси ҳақида ҳам бирор маълумот мавжуд эмас. Умуман олганда олимнинг аниқ туғилган санаси ҳам тахминий.
Нима бўлган тақдирда ҳам, катта эҳтимол билан Архимед бадавлат оилада дунёга келган ва Сиракузадаги энг яхши таълимни олган. Шу боисдан астрономия ва математикадаги билимларни эгаллашида отасининг ҳиссаси катта.
Александр Македонскийнинг юришлари греклар тарихида янги даврни бошлаб берган. Македонлар ва греклар Ўрта ер денгизи давлатларида ҳукмронликни ушлаб қолган. Шу билан бирга, кўплаб грек шаҳар-давлатларида демократик тартиб мавжуд эди, ҳақиқий ҳокимият эса аристократлар қўлида бўлган.
Буюк Александр ўз номи остида кўплаб шаҳарларга асос солган, аммо Нил делтасидаги шаҳар улар орасида биринчи ва энг каттаси эди. Искандария ўзида грек маданияти базисини мужассам этган: миллий кийимларда юрувчи мисрликлар ва грекча гапиришни билмайдиган фуқаролар шаҳарга киритилмаган.
Шаҳарнинг асосий диққатга сазовор маскани Муз ибодатхонаси эди, у ерда “Мусеён” ёки Музей жойлашган. Дунё тарихидаги мазкур биринчи илмий-тадқиқот марказ аъзолари Миср давлати томонидан таъминланган ҳамда ўзлари қизиққан исталган илм билан шуғулланган. Уларнинг ихтиёрида 700 мингдан ортиқ китобни ўзида жам этган энг катта кутубхона, ботаника ва ҳайвонот боғи бўлган. Қўшни Фарос оролида эса дунёнинг етти мўжизасидан бири — 100 метрли маёқ бор эди. У ерда обсерватория ва анатомия билан шуғулланувчи тадқиқот маркази жойлашганди.
Шу боисдан грек оламидаги барча олимлар Искандарияга ошиққан. Улар орасида файласуф Стратон, геометрия отаси Евклид, астроном Аристарх ҳам бор. Интелектуаллар оламида Архимед ўзининг тақиқот фаолияти билан шуғулланган.
Архимед Евклид “Ибтидо”си билан Сиракузада яшаган давридаёқ танишган. Аммо айнан Искандарияда у олимнинг шогирдлари билан мулоқотда бўлиб, геометрияни батафсил ўрганишга киришган. Музейдаги фаолият унга янги билим олиш ва дўстлар орттиришга хизмат қилган.
Улар орасида энг яқинлари математиклар Конон ва Эратосфен эди. Конон ҳам Евклиднинг шогирди бўлиб, Архимеднинг содиқ дўсти ҳисобланган, бироқ тарихий манбаларда Архимед уни дўст эмас, устоз сифатида кўргани келтирилади.
Киренлик Эратосфен эса Искандарияга Архимеддан олдин келган ва нафақат математик, балки географ ва астроном сифатида ҳам ном қозонган. Ернинг шарсимон экани ҳақидаги тасаввурларга қўшилган ҳолда у биринчилардан бўлиб сайёранинг рadiusи ва айланасини ўлчашга уринган. Эратосфен кейинчалик Музей кутубхонаси директорига айланган. Архимед Эратосфендан 10 ёш катта бўлган, аммо бу уларнинг дўстлигига ҳеч қанақа таъсир ўтказмаган.
Бизга қадар Архимеднинг Эротосфен ва Кононга ёзган мактубларида сақланиб қолган. Конон ўлимидан кейин Архимед унинг шогирди Досифей билан ёзишиб турган.
“Архимед винти”
Архимед ўзининг илмий фаолияти аввалида отаси йўлидан бориб астрономия билан шуғулланган, бироқ ёш олим бунда ўзлигини топа олмаган. Фалсафа ва математика энг юқори билим манбаи ҳисобланган, илмий муҳитларда бўлса амалиётдан кам фойдаланилган. Шу боис механика у даврда юқори илм-фан доирасига киритилмаган. Шунинг учун ҳам Демокрит каби материалист файласуфлар Искандария олимлари томонидан қадрланмаган.
Архимед улар орасида ўзига хос “оқ қарға” эди, шунинг учун Искандарияга кўчиб ўтганидан кейин ҳам механика билан шуғулланишини барчага овоза қилмаган. Унинг ўша вақтдаги ихтироларидан бири “Архимед винти” номини олган.
У пастдаги сувни юқорига кўтаришга хизмат қиладиган қурилма ҳисобланади. Қия жойлаштирилган цилиндр ости сувга туширилади. Ичига эса винт шаклидаги спирал жойлаштирилади. Уни айлантириш орқали сув пастдан цилиндр тепасига чиқади. Сувни бу каби юқорига чиқарувчи винт Нил яқинидаги ерларда фойдаланилган ва Мисрда машҳурликка эришган.
Аммо бу Искандария олимлари орасида Архимед обрўсига обрў қўшмаган. У вақтларда қишлоқ хўжалиги ишларининг катта қисми қуллар томонидан амалга оширилган, уларнинг меҳнат шароитини эса яхшилашга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди. Бундан ташқари, қуллар ишини енгиллаштирадиган механизмлар нафратни юзага келтирган. Қул — бу қул, ўгир ишларни қилиши керак, озод инсонлар эса санъат, дунёни таниш ва бошқа ҳурматга сазовор ишлар билан шуғулланиши керак дея ҳисобланган.
Кашфиётлар, ихтиролар, теоремалар…
Узоқ йиллар ватанидан узоқда ҳаёт кечирган Архимед Сиракузага қайтишга қарор қилади. Бу каби қарор кутилмаган эди. Искандарияга келган деярли барча олимлар умрининг охирига қадар шу ерда қолишни истарди: муҳит ижодкорлар олами учун аъло даражада ташкил этилган эди. Олимлар ихтиёрида дунёдаги энг катта кутубхона бўлган, давлат уларнинг илмий тажрибалари харажатларини қоплаб берган; озиқ-овқат ҳақида бош қотиришга ҳожат йўқ эди. Бу кўпчиликнинг орзуси ҳисобланган!
Аммо Архимед Музейдаги муҳитдан сиқилган кўринади. Искандарияда олимлар фақат “соф” илм билан шуғулланган, турли назарияларни яратган, теоремаларни исботлаган, уларни амалиётда қўллаш ҳақида эса ўйлаб ҳам кўришмаган. Сиракузада Гиерон II ҳукмронлиги даврида Архимед бу турдаги камситилишлардан ва Искандарияда яшаш учун керак бўладиган барча шароитлардан холи эди, шу сабабдан ҳам ўйлаган исталган ишларини амалга ошира олган.
Уйга қайтиши билан у математик тадқиқотлар билан шуғулланишни бошлаган ва бу ишлар π сонининг очилиши билан якунланган. Архимед доиранинг юзини ҳисоблашга қарор қилади ва унинг ичига тенг томонли олтибурчак жойлаштириб, майдонини ҳисоблайди. Шундан кейин у доира ичига 12, 24 ва ниҳоят 96 бурчакли кўпбурчакларни жойлаштириб, ҳар бирининг юзини ҳисоблаган. Шундай қилиб, кўпбурчакнинг майдони доиранинг майдонига яқинлашганда, π сонининг тахминий қиймати олинади. Архимед доира ичига мунтазам 96 бурчакли бурчакни чизган, натижада шундай қиймат ҳосил бўлди: 3,140 <π< 3,14.
Доира юзини ҳисоблаш усулини яратиш орқали у осонлик билан айлана узунлигини ҳам ҳисоблай олган. Агарда айлана жуда ингичка сегментларга бўлинса, тўртбурчакни ёдга солувчи шакл пайдо бўлади. Янги формула орқали эса доира юзи ҳисоблаган Архимед унинг узунлигини ўлчай бошлайди. Архимеднинг мазкур кашфиёти математикадаги энг муҳим янгиликлардан ҳисобланади.
Плагиатга қарши кураш
Сиракузага қайтган Архимед Искандариядаги айрим олимлар билан ёзишмаларини давом эттирган. Уларнинг барчаси ҳам тўғри сўзли, ҳалол инсонлар эмасди ва плагиатнинг олдини олиш учун Архимед ўз матнларини койне грек тилида эмас (замонавий грек тили шунга асосланган), балки сиракузаликларнинг она тилида ёзган. Архимед бу орқали кашфиётларини ўзлаштириб олмоқчи бўлганларни фош этишни ният қилганди.
Архимед бугунги кунда ғалати туюлган мавзу — “Қум зарраларини ҳисоблаш” (“Псаммит”) билан шуғулланган. Олим бутун коинотни тўлдиришга етадиган қум зарралари сонини ҳисоблашга уринган. Чексиз рақамларга яқинлашгани сабаб Архимед ўзининг катта рақамларни ифодаловчи тизимини яратган. У вақтда коинот ҳозир биз билган тасаввурдан кичикроқ ҳисобланган. Архимед унинг ўлчамида буюк астроном Аристарх Самосский томонидан ҳисобланган рақамларга ишонган. Коинот ўлчами ва қум зарраси ўлчамини билган ҳолда у бутун коинотни тўлдиришга етадиган қум миқдорини ҳисоблашга уринган. Пайдо бўлган рақам эса 1063 эди.
Архимед тасаввур қилиш қийин бўлган рақамлар билан ишлагани боис унинг тадқиқотларини кўплаб замондошлари ҳазм қила олмаган. Унинг танқидчиларидан бири искандариялик математик Аполлoний Пергский эди. У ўзининг “Конус кесими” китоби билан машҳурликка эришган ва катта рақамлар борасида қатор тадқиқотлар муаллифи ҳисобланган. Аполлoний Архимеднинг “қум зарраларини ҳисоблаш” ишини у билан қизиқиб ҳам кўрмасдан танқид қилган. “Билимга қарши билим билан кураш”, — дея танқидчига жавоб қайтарган Архимед.
Архимед ўз тадқиқотлари билан шуғулланиб, Искандариядаги олимлар билан ёзишиб юрган бир пайда уруш бошланган. Оролнинг шимоли-шарқида, Аппенин ярим оролига энг яқин нуқтада Мессана шаҳри (ҳозирги Мессина) жойлашганди. У 20 йилдан буён италиялик ёлланма аскарлар — мамертинлар назорати остида бўлган. Эрамиздан аввалги 264 йилда Сиракуза шоҳи Гиерон II Карфаген қўллаб-қувватлови остида Мессанани эгаллашга уринган. Бунга жавобан мамертинлар Римга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Бу эса икки буюк держава — Рим ва Карфаген ўртасида уруш бошланишига олиб келган. 23 йил давом этган урушдан кейин Рим ғалаба қозонган ва бутун Сицилия бўйлаб назорат ўрнатган. Шу билан бирга, Гиерон II ўз вақтида ғолиб тарафига ўтиб олган ва натижада Сиракузани деярли зарар етказилмаган ҳолатда сақлаб қолган. Уруш якунланган вақтда Архимед 46 ёшда эди.
Ерни жойидан қандай силжитиш мумкин
Бу вақтда Архимед ўз изланишларини давом эттирарди. У тарозида юкларни тортиш масаласида бош қотирган. Олим ўзига ўзи савол берган: “Катта ва кичик тошни мувозанатга келтириш учун таянч нуқтасини қаерга жойлаштириш керак?” Табиийки, оғирроқ тош таянч нуқтасига яқин жойлашиши керак, кичиги эса узоқроқ. Аммо Архимед ушбу масалани математик жиҳатдан ешишни хоҳлаган.
Юкдан таянч нуқтасигача бўлган масофанинг кўпайтма кучи физик катталик бўлиб, “куч моменти” деб аталади. Архимед “Ясси жисмларнинг мувозанати” ишида турли оғирликдаги икки юкнинг момент кучлари тенг бўлса, улар мувозанатда бўлишини исботлаб берган.
Таянч нуқтасига эга арғимчоқни олайлик. Агарда улардан бирининг елкасини узунлиги бошқасиникидан 10 баробарга узун бўлса, биринчи елкага берилган куч иккинчисининг фақат 1/10 масофага кўтаради. Шу билан бирга калта томонга узунига нисбатан 10 баробар кўп куч сарфланади. Шундай экан ричаг ёрдамида бирор предметга таъсир кўрсатадиган кучни бир неча баробарга ошириш мумкин.
Архимед ушбу қоидадан исталган амалиётда фойдаланиш мумкинлигини тушуниб етади. Таянч нуқтасига эга жуда узун арғимчоқ ёрдамида ҳар қандай юкни ҳаракатга келтириш мумкин. Шу сабабдан ҳам олим ўзининг машҳур гапини айтади: “Менга таянч нуқтасини беринг, Ерни силжитаман”.
Шоҳ Гиерон II Архимедга бирор оғир юкни силжитиш орқали ўз назарияси тўғрилигини исботлашни сўрайди. Архимед бандаргоҳда турган кемалардан бирини юк ва одамлар билан тўлдиришни илтимос қилади. Уни жойидан силжитиш учун кўплаб эркаклар тер тўкиши керак эди.
Архимед рижаглар каби ишлайдиган мураккаб ғилдиракли узатмани ясайди. Ундан арқон ўтказилиб, кемага боғланган, шундан кейин Архимед арқонни тортганида кема жойидан силжиган. Шундай қилиб, назария амалиётда қўлланила бошланган. Техник мўжизани кўрган шоҳнинг Архимедга бўлган ишончи янада ортган.
Уруш ва қуролланиш
Эрамиздан аввалги 218 йилда Иккинчи Пун уруши бошланади. Сиракуза аҳолисини оғир синовлар кутиб турарди. Ҳарбий ҳаракатлар асосан Италия ҳудида амалга оширилган: карфагенлик жасур саркарда Ганнибал у ерда Испания орқали ўтиб борган ва бирин-кетин Рим қўшинлари устидан ғалаба қозонган. Римнинг кўплаб иттифоқчилари хавотирга тушиб, Карфаген тарафига ўта бошлайди.
Гиерон II нинг меросхўри бўлган Гиерон ҳам Римга хиёнат қилади. Аммо Ганнибалда Римни қамал қилишга куч қолмайди, шу боис у Италия бўйлаб ҳаракатланиб, секин-аста ташаббусини сўндиради. Ганнибал билан тўғридан тўғри тўқнашувлардан қочган римликлар исёнчилар устидан яна ҳукмронлигини ўрнатишга киришган. Эрамиздан аввалги 214 йилда Сиракузанинг навбати келган: Аппий Клавдий ва Марк Клавдий Марселлар қўмондонлиги остида бўлган 20 минг кишилик Рим армияси Сиракузани денгиз ва қуруқликдан қуршовга олади.
Эрамиздан аввалги 215 йилда вафот этган Гиерон II ўлимидан олдин Архимеддан уруш юз бергудек бўлса, Сиракузани ҳимоя қилишга қодир жанговар машиналар яратишни сўраган. Архимед нимадир яратишга муваффақ бўлади…
Рим қўшинлари қалъага қуруқликдан ҳужум қилишга тайёрланган. Бундан ташқари, ҳарбий кемалар қирғоқ бўйида саф тортиб, қалъа деворларига яқинлашган. Римликлар ўзларини нималар кутаётганини сезмасди.
Улар бир нечта катта кемаларни бир-бирига боғлаб, қалъа деворларига улкан нарвонларини жойлаштиришга, шу орқали жангчиларни шаҳарга киритишга уринган. Римликлар нарвонларни деворга ўрнатиши билан улар томон улкан тошлар ёғилиб, кемаларини чўктириб юборган ёки яксон қилган. Қуруқликдан ҳужумга келган жангчиларни ҳам худди шу тақдир кутган. Қайта ҳужумлар давомида деворларга яқинлашганларида узоқ масофага қўрғошин ва тош отувчи машиналар қаршилигига учраган. Бундан ташқари, деворлар ортидан лайлак тумшуғини ёдга солувчи темир чангаклар пайдо бўла бошлаган. У римликлар кемаларининг тумшуқ қисмини тутиб олиб, тепага кўтарган ва кескин ташлаб юборган. Натижада кемалар ағдарилиб кетган, баъзида ёнбошлаб қолган ёки ичига сув тўлган, натижада денгизчилар ваҳимага туша бошлаган.
Римликлар кечқурун ҳужум уюштиришга уринган, бироқ улар яна қаршиликка учраган, чунки Архимед урушнинг шундай тус олиши мумкинлигини кутганди: яқин масофага мўлжалланган “чаёнлар” тайёр турган — улар душманга найзаларни улоқтирган.
Айрим манбаларда келтирилишича, Сиракуза аҳолиси душман кемаларини ёқиб юборишда кўзгулар тизимидан фойдаланган, аммо бу ишончли эмас — чунки ушбу манбалар нисбатан кейин пайдо бўлган, мазкур урушга оид дастлабки манбаларда бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган.
Нима бўлганда ҳам римликларнинг Сиракузани эгаллаш режаси амалга ошмайди. Улар Архимеднинг даҳшатли машиналарига қарши ҳеч қандай чора топа олмайди ва қамални тўхтатишга мажбур бўлади.
Бундай мағлубият ортидан Архимеднинг исми римлик легионерлар орасида машҳур бўлиб кетади. Шаҳар деворида биргина арқон ёки тўсиннинг пайдо бўлиши ҳам уларни қўрқувга сола бошлаган: ахир бу Архимеднинг навбатдаги янги машинаси бўлиши мумкин эдида. Сиракузанинг қаршилигидан ҳайратга тушган Марселл олимни Гомернинг “Илиада” достонида келтирилган юзта қўлли Бриарейга қиёслаган. Шундан кейин шаҳар икки йил давомида ҳеч қандай ҳужумга учрамаган, римликлар шаҳарликларни очлик билан енгишга қарор қилган.
“Чизмаларимга тегинма!”
Бир сафар римликлар қамалга олинган шаҳарни тарк этишга уринган спарталик Дамиппни қўлга олади. Сиракуза фуқаролари уни сотиб олишга уринади, Рим саркардаси Марселл эса спарталикнинг тақдири борасида музокаралар ўтказишни бошлаган. Бу унга шаҳар деворларига яқинлашиш имконини берарди. Минорлардан бири бошқаларига қараганда заифроқ қуролланганини пайқаган Марселл айнан шу ерга ҳужум уюштиради.
Натижада римликлар Сиракузани эгаллашга муваффақ бўлади. Ҳужум юнон худоси Артемида байрами кунида уюштирилган. Шу куни Сиракуза аҳолиси кўнгилхушлик қилиб, маст ҳолатда бўлгани сабаб хушёрликни йўқотган.
Тунда римликлар яширинча қалъа деворларига кўтарилган ва шаҳар ичига кирган. Шаҳар ичида яна бир ички девор бор эди, бироқ кўп ўтмай у ҳам ишғол этилган. Марселл шаҳар ичида римликлар тарафида бўлган фуқаролар билан алоқа ўрнатиб, ўзларига кўмак олади. Шундан кейин даҳшатли қирғин бошланган ва натижада Архимед ҳам ўлдирилган. Кейинчалик римлик тарихчилар, айниқса, Плутарх Рим аскарларининг маҳаллий аҳолини қириб ташлаганини юмшоқроқ таърифлашга уринган, хусусан, саркарда Марселл Архимедни қутқармоқчи бўлганини ёзган.
Архимеднинг ўлими
Олимнинг ўлдирилиши кўплаб қадимги Рим тарихчилари томонидан қарийб шеърий асарларга айлантириб юборилган. Архимед бу дунёнинг одами эмас дея таърифланган — худдики у мўжиза машиналарини бошқаларга қарши урушиш мақсадида эмас, балки илмга бўлган қизиқишидан яратган. Бундан ташқари, римликлар шаҳарга бостириб кириб, оммавий қотилликларни амалга оширганида ҳам Архимед атрофида нима бўлаётганини ҳис қилмаган ҳолда, хотиржам тадқиқотларини давом эттирган.
Версиялардан бирига кўра, ернинг ўзида бир нималарни чизиб ўтирган Архимед ёнига яқинлашган римлик жангчига “Чизмаларимга тегинма!” деган ва шундан кейин жойида ўлдирилган.
Плутарх янада таъсирли бўлган учта ҳикояни келтиради.
Биринчи вариант. Римлик аскар Архимеднинг ёнига келиб, ундан Марселлнинг ёнига боришни талаб қилади. Олим қандайдир теорема исботини якунлаб олишини кутишини сўраган ва бунинг учун ўлдирилган.
Иккинчи вариант. Жангчи Архимеднинг уйига шунчаки ўлдириш ва талон-торож қилиш мақсадида келади. Олим масалани ечиб олгунига қадар кутиб туришини сўрайди, бироқ римлик қиличини қонга белаган.
Учинчи вариант. Математик ускунларини тўплаган Архимеднинг ўзи Марселлнинг ёнига йўл олади, бироқ унинг йўлидан чиққан римлик жангчилар олимнинг сандиғида олтин бор деб ўйлаб, уни ўлдиради.
Ушбу версияларнинг барчаси ҳақиқатдан узоқ, чунки булар орқали тарихчилар Рим даврини юмшатишга урингани яққол кўзга ташланади.
“Архимед қонуни”
Афсонага кўра, ҳаммомдан қип-яланғоч чиқа солиб, сарой томон югураркан, қадимги юнон олими Архимед “Эврика!”, дея бақирарди. Юнон тилида бу сўзнинг маъноси “Топдим!” дегани. Шоҳ Гиерон II олимга, ўз тожининг соф олтиндан ясалганми ёки йўқ, шуни аниқлашни топширади. Шартга кўра, олим тожни ўзига зиён етказмасдан туриб, унинг металли соф тилладанми, ёки бирор бошқа арзонроқ металл, масалан, мис/кумуш қўшилганми — шуни аниқлаши керак эди. Тожни тарозида тортиб кўриш Архимедга қийинчилик туғдирмаган. Лекин масалани ҳал қилиш учун шунинг ўзи етарли эмасди. Шунингдек, олим тожнинг ҳажмини ҳам ўлчаши ва бу орқали металлнинг зичлигини аниқлаб, натижада унинг соф олтиндан эканини билиб олиши мумкин бўлган.
У бу масала устида жуда кўп бош қотирган. Айтишларича, боши қотган Архимед бироз чалғиш ва тин олиш учун ҳаммомга тушади. У ваннага сув тўлдириб, ичига бутун танаси билан шўнғийди. Олим сув тўла ваннага тушиши ҳамоноқ, ваннадан муайян сув тошиб чиқиб кетганини кўради. Шу лаҳзада унинг миясида ярқ этиб янги фикр чақнади ва у “Эврика!”, дея бақиради. Бунда Архимед ваннага тушгач, ундан олимнинг танаси ҳажмига тенг ҳажмдаги сув тошиб чиқиб кетган эди. Шу тариқа у подшо қўйган масаланинг ечимини топган эди ва афсонанинг энг кенг тарқалган талқинига кўра, хурсанд бўлганидан, ҳатто кийинишни ҳам унутиб, яланғоч ҳолда саройга югуриб борган экан.
Бу воқеани қанчалик “афсона” деб аталмасин, унда аниқ ва муҳим бир ҳақиқат бор: суюқликка ботган жисм ўз ҳажмига тенг ҳажмдаги суюқликни итариб чиқариши ва унга боғлиқ ҳолда жисмларнинг сузиш қонуниятларини айнан Архимед кашф қилган. Унга кўра, агар қаттиқ жисм суюқликка ботирилса, у суюқликка ботиб турган қисмнинг ҳажмига тенг ҳажмдаги суюқликни сиқиб чиқаради. Суюқликнинг сиқиб чиқарилган қисмига таъсир қилган босим, эндиликда, унга ботиб турган қаттиқ жисмга таъсир қилади.
Изоҳ (0)