Япониялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётган янги дори стоматология соҳасида катта бурилиш ясаши мумкин. Тишларни тиклаш бўйича мавжуд усуллар — имплантлар, протезлар ва коронкалар вақт ўтиши билан алмаштиришни талаб қилади ва айрим ҳолларда ноқулайликлар туғдиради. Аммо табиий тиш ўсишини қайта фаоллаштириш ғояси бу муаммони тубдан ҳал қилиши мумкин.

Осака шаҳри Китано касалхонаси қошидаги Тиббий тадқиқот институти етакчи олими доктор Кацу Такаҳаши тиш ривожланишининг генетик асосларини йиллар давомида ўрганиб келмоқда. Тадқиқотчиларнинг сўнгги натижалари 2021 йилда Scientific Reports журналида чоп этилган тадқиқотга асосланади. Ўша тадқиқотда USAG-1 гени синтез қиладиган оқсилга қаратилган дори воситаси ҳайвонларда ўсадиган тишлар сонига қандай таъсир қилиши мумкинлиги кўрсатиб берилган эди. Ҳозир эса доктор Такаҳаши ва унинг жамоаси инсонлар устида изланишларни давом эттирмоқда.
Дори воситаси қандай таъсир қилади?
USAG-1 деб аталувчи ген организмда тишларнинг ўсиш функциясини “ухлатиб қўяди”, дори эса айнан шу ген фаолиятини блоклайди. Олимлар бу орқали тиш ўсишига ёрдам берадиган BMP (bone morphogenetic protein) — суяк морфогенетик оқсилларини фаоллаштиришга эришган. Бу эса янги тишларнинг табиий йўл билан пайдо бўлишига олиб келган.
Клиник синовлар
Тажриба синовларининг биринчи босқичи дори хавфсизлигини баҳолашга қаратилган. Бу босқичда дори соғлом эркакларга паст дозада юборилиб, салбий таъсирлар мавжудлиги ёки йўқлиги кузатилади. Кейинчалик юқорироқ дозалар берилади. Ҳайвонларда ўтказилган тестлар натижаси ижобий якунланган, даволанишдан сўнг уларда янги тишлар ўсиб чиққан. Бундай тишлар янада мустаҳкам бўлиб, табиий тишлардан фарқ қилмаган.
Стоматологияда инқилоб
Агар ушбу дори воситасини қўллаш бўйича синовлар муваффақиятли якунланса, қуйидаги гуруҳга кирувчи инсонлар бундан фойда кўриши мумкин:
- Гиподонтия билан туғилган болалар — бу касаллик тишларнинг туғма етишмовчилиги бўлиб, генетик сабабларга кўра юзага келади;
- Тишларни жароҳат ёки касаллик туфайли йўқотган инсонлар;
- Кексайиш туфайли табиий тишларини йўқотган шахслар.
Келажакдаги истиқболлар
Тадқиқотчиларнинг айтишича, бу дори фақат тиббий эмас, балки иқтисодий томондан ҳам улкан аҳамиятга эга бўлади. Стоматологик хизматлар ва имплантация нархларининг юқорилиги сабабли, ген терапияси орқали табиий тишларни қайта ўстириш технологияси бутун дунёда кенг тарқалиши ва янада такомиллаштирилиши мумкин.
Изоҳ (0)