Хитойнинг Xiaomi компанияси ўзининг Youpin краудфандинг платформасида Mijia Front-Opening Travel Suitcase номли ақлли чемоданни тақдим этди.

Минималистик дизайни билан ажралиб турадиган бу модел хизмат сафарлари учун мўлжалланган. Чемодан енгил, аммо мустаҳкам корпусга эга бўлиб, 15,6 дюймгача бўлган ноутбукларни ўзига сиғдира олади.
Чемоданнинг энг эътиборга молик жиҳатларидан бири — олд қисмидан очиладиган махсус тузилмаси. Бу фойдаланувчига чемоданни очмасдан керакли буюмларни тезда олиш имконини беради. Айниқса, бу тузилма аэропортдаги хавфсизлик назоратидан ўтишда ёки сафар пайтида ишлашда жуда қулай. Уч қаватли махсус бўлимларга ноутбук, планшет ва бошқа қурилмаларни жойлаштириш мумкин.

Асосий бўлим эса кийим-кечак ва шахсий буюмлар учун мўлжалланган. Унда юкларни маҳкамловчи махсус камарлар мавжуд, улар чемодан ичидаги буюмларнинг жойидан силжиб кетишининг олдини олади. Ички қопламаси эса антибактериал материал билан қопланган бўлиб, стафилококк ва ичак таёқчаси каби бактерияларга қарши ҳимоя вазифасини бажаради.
Бундан ташқари, Xiaomi чемодани зарбага чидамли ва енгил материалдан тайёрланган. Ундаги ғилдираклар ҳаракат пайтида шовқин чиқармайди. Чемодандаги уч поғонали тутқич эса ҳар хил бўйдаги одамлар учун мослаштирилади. Xiaomi бу моделга калитсиз махсус қулф ўрнатган бўлиб, божхона ходимлари уни бузмасдан очиши мумкин.

Youpin платформасидаги маълумотларга кўра, янги Mijia Front-Opening Travel Suitcase 16 июндан бошлаб 369 юанга (тахминан 51 АҚШ доллари) сотувга чиқади.
Изоҳ (0)