Ёзги трансфер ойнасининг очилиши билан Ўзбекистон Суперлигаси жамоалари ўз таркибини кучайтириш учун фаол ишларни бошлади. Шу боис, ҳозирги вақтда расман тасдиқланган трансферлар, шунингдек, эҳтимолий ўтишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

“Насаф” ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой Суперлиганинг 15-тури доирасида “Динамо”га қарши кечган баҳсдан сўнг жамоа билан расмий равишда хайрлашди. Аввалроқ хабар берилганидек, у яқин кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг “Банияс” клубига ўтиши кутилмоқда.

Қаршиликларнинг албаниялик ҳужумчиси Рубен Ҳебай Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзолади. Шунингдек, клуб “Динамо”нинг бразилиялик футболчиси Ратинё ва Эроннинг “Истиқлол” жамоасида тўп сураётган қирғизистонлик ҳужумчи Жоэл Кожо билан музокараларни олиб бормоқда. “Аждарлар” жамоани тарк этган футболчиларнинг ўрнини самарали тарзда тўлдиришни мақсад қилган.

“Пахтакор” ҳам ёзги трансферлар ойнасида фаол ҳаракат қилмоқда. 15-тур доирасидаги “Пахтакор” — “Навбаҳор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманида “шерлар” бош мураббийи Камолиддин Тожиев Бобир Абдухолиқов билан шартнома 100 фоиз ҳал бўлганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Тошкент клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари — Хожимат Эркинов ва Азизбек Турғунбоев билан ҳам музокараларни олиб бормоқда.
Қишки трансферлар ойнасида жамоага қўшилган бразилиялик ярим ҳимоячи Жонатан Лукканинг эса “шерлар” сафини тарк этиши кутилмоқда.
“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробековнинг эса фаолиятини хорижда давом эттириши эҳтимоли бор. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Эрон чемпионатида иштирок этаётган Табризнинг “Трактор” клуби футболчини ўз сафига қўшиб олиш истагида ва бу борада “қалдирғочлар”га расмий таклиф юборган.
Изоҳ (0)