Вьетнам ҳукумати Хитойда кучайиб бораётган Кажики тўфони сабабли 586 мингдан ортиқ аҳолининг хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Хитой Миллий метеорология маркази маълумотига кўра, тўфон 24 август оқшомида Ҳайнан провинциясининг жанубий соҳилларини четлаб ўтган. У 25 август куни Вьетнам марказий ҳудудларига ёпирилиши кутилмоқда. Айни пайтда, Хитойнинг Саня шаҳридаги барча жамоат транспорти ва савдо масканларида фаолият тўхтатилган.
Вьетнам об-ҳаво хизматининг хабар беришича, тўфон марказида шамол тезлиги 166 км/соатга етган. Хитойлик синоптиклар эса шамол тезлиги 180 км/соатгача кучайишини прогноз қилмоқда.
Вьетнам ОАВга кўра, тўфон мамлакат марказидаги Танҳ Хоа, Куангчи, Хуэ ва Дананг провинцияларига тўғридан тўғри ёпирилиши кутилмоқда. Мамлакат ҳукумати фуқароларга 24 август куни соат 14:00 дан кейин (Тошкент вақти билан 19:00) кўчага чиқмасликни тавсия қилган. Ҳарбийлар фавқулодда вазиятларга шай ҳолатга келтирилган.

Tien Phong нашрининг хабарига кўра, якшанба куни эрталаб Вьетнамнинг 7 та соҳилбўйи провинциясида кемаларда денгизга чиқишга тақиқ қўйилди. Вьетнам ҳаво йўллари 24-25 август кунлари марказий шаҳарларга амалга ошириладиган 22 та рейсни бекор қилган. Vietjet авиакомпанияси ҳам бир нечта рейсларни кечиктирган ёки бекор қилганини билдирган, бироқ батафсил маълумот берилмаган.
Тўфон Хитойга ҳам жиддий хавф солмоқда. Саня шаҳри (машҳур сайёҳлик маскани) 23 август кунидан бошлаб фавқулодда ҳолатга ўтган. Якшанба куни эрталаб шаҳарда қизил даражадаги тўфон огоҳлантириши (Хитойда энг юқори хавф даражаси) эълон қилинган. Шаҳар ҳокимлиги барча ўқув муассасалари, қурилиш ишлари, савдо марказлари, ресторанлар ва супермаркетларни ёпишга кўрсатма берган.
Хитой об-ҳаво хизматига кўра, Ҳайнаннинг айрим ҳудудларига якшанбадан душанбагача 320 миллиметргача ёмғир ёғиши кутилмоқда. Кучли ёмғир ва шамол Гуандун ва Ганси провинцияси ҳудудларини ҳам қамраб олади.
Вьетнам ҳукумати Кажики тўфонининг кучини 2024 йилнинг охирида мамлакатни вайрон қилган Яги тўфонига қиёсламоқда. Ўшанда тахминан 300 киши ҳалок бўлиб, мулкий зарар 3,3 миллиард долларни ташкил этганди.
Изоҳ (0)