Хитойда чивин орқали юқадиган чикунгуня вируси билан касалланганлар сони 7 мингдан ошди. Ҳукумат ҳашаротларга қарши курашиш учун дорилар сепмоқда ва дронларни ишга солмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Энг кўп касалланиш ҳолатлари Фошан шаҳрида қайд этилган. Бу Хитой тарихидаги энг кенг кўламли чикунгуня тарқалиши сифатида баҳоланмоқда. Касаллик иситма ва бўғимлардаги оғриқ билан бирга намоён бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, чикунгуния Хитойнинг материк қисмида илгари ҳеч қачон қайд этилмаган эди. Бу аҳолининг аксариятида олдиндан иммунитет йўқлигини кўрсатади, бу эса вируснинг тез тарқалишига имкон беради, дейди Оксфорд университети олими Сезар Лопес-Камачо.
Кучли ёғингарчилик ва юқори ҳарорат Хитойдаги вазиятни янада мураккаблаштирди. Расмийлар дронлардан фойдаланиб, чивинлар тухум қўядиган турғун сувларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Расмийлар ташқаридаги сув идишларини бўшатмаган одамларни жаримага тортиш билан огоҳлантирган. Аҳоли 10 минг юан (1,4 минг доллар) гача жаримага тортилиши ва электр таъминотидан узилиши мумкин.
Аҳоли чивинлардан ҳимояланиш учун тўр ва бошқа воситалардан фойдаланмоқда. Вирусга чалинган беморлар камида бир ҳафта шифохонада қолмоқда. АҚШ ҳукумати фуқароларига Фошан шаҳридаги Гуандун провинцияси, Боливия ва Ҳинд океанидаги айрим орол давлатларига сафар қилишда эҳтиёт бўлишни тавсия қилган.
Аввалига вирус сабабли икки ҳафталик уй карантини жорий этилган эди, бироқ кейинчалик у касаллик одамдан одамга юқмаслиги сабаб бекор қилинган.
Изоҳ (0)