Франция “Ark de Triomphe” (Ғалаба арки) уруш ёдгорлиги ёнида сигарет тутатган 47 ёшли марокашлик эркакни резидентликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Маълум қилинишича, айбланувчи ҳибсга олинган ва уни депортация қилишга қарор чиқарилган. Ички ишлар вазири Брюно Ретайё бу воқеани “ҳақоратли ва шармандали” деб баҳоламоқда. Ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Кадрларда эркак ёдгорлик оловига эгилиб, сигарет ёққани ва кейин зудлик билан жойни тарк этганини кўриш мумкин. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, эркак Францияда қонуний мақомга эга бўлиб, мамлакат фуқароси саналган.
Франция Ички ишлар вазирлиги 6 август куни айбланувчини уруш қурбонларига бағишланган ёдгорликни ҳақорат қилганликда айблаб, ҳибсга олган. У ўз айбини тан олган. Марҳумларни хотирлаш ишлари бўйича вазир ўринбосари Патрисия Мираллес эса бу воқеани қаттиқ қоралаб, шундай деган:
“Бу оддий хато эмас — бу ҳақорат. Франция ўз ҳаёти эвазига мамлакатни ҳимоя қилганлар хотирасини поймол қилишга ҳеч қачон йўл қўймайди”.
Изоҳ (0)