Ўзбекистонда илк ривожланиш марказлари ташкил этилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, ҳукумат қарори билан “Илк ривожланиш марказлари тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низом мактабгача таълим билан қамраб олинмаган ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия хизматларини кўрсатиш бўйича Илк ривожланиш марказларини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Марказлар 3–6 ёшли болаларни, хусусан, камбағаллик даражаси юқори ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган оилалар фарзандларини қамраб олган ҳолда ташкил этилади.
Марказлар қуйидаги 2 та модел асосида фаолият кўрсатади:
- махсус мактабгача таълим хизмати модели — педагоглар томонидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган оилаларнинг 2–7 ёшли фарзандлари учун яшаш хонадонига борган ҳолда таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
- ўйин гуруҳи модели — 3–6 ёшли болалар учун марказларда ташкил этилган қисқа муддатли (3,5–4 соат) гуруҳ.
Марказлар туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳузурида ташкил этилади. Қабул қилинган барча тарбияланувчилардан ота-она тўлови ундирилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти тасдиқланган эди.
Педагог қуйидагилар орқали билим, кўникма ва малакаларга эга бўлади:
- касбий ёки олий таълим ташкилотларининг тегишли таълим йўналишларида ўқиш;
- педагогик ёки касбий қайта тайёрлаш курсларида таълим олиш;
- малака ошириш курсларида ўқиш;
- устоз-шогирд анъаналари асосида тажрибали педагоглар кўмагида ўрганиш;
- узлуксиз касбий ривожланиш тадбирларида иштирок этиш.
Касбий стандарт болани ривожлантириш дастурлари ҳамда педагогика ва психология соҳасида тўпланган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
- болани парвариш қилиш, ривожлантириш ва тарбиялаш учун муҳит яратиш;
- ҳар бир боланинг ўзига хослигини, ҳис-туйғуларини ва фикрларини қабул қилиш;
- таълим-тарбия жараёнида боланинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш;
- инклюзив таълимни ташкил этишдаги масъулиятни англатиш;
- интерфаол методларни қўллаш, қизиқувчанлик ва изланишларни рағбатлантириш;
- болалар билан боғлиқ ўзари ижтимоий муносабатларда мактабгача таълим ташкилоти, оила ва маҳалла ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Педагог қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши лозим:
- шахсий ривожланиш;
- таҳлилий ва танқидий фикрлаш;
- тинглаш ва кузатиш;
- ҳамкорлик қилиш;
- низоларни ва зиддиятларни ҳал қилиш.
Ушбу Касбий стандарт талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
2025 йил 1 январдан бошлаб мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ҳамда малака тоифаларини бериш тартибини сақлаб қолган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилганди. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)