Қашқадарёда “дача”га дам олишга борган икки аёл “дача” атрофидаги дарёда оқиб кетиб, вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, воқеа 7 июль куни юз берган. Улар чўмилиш мақсадида Оқдарёнинг ўнг қирғоғига тушиб, оқиб кетиши сабаб ҳалок бўлган. Ҳар икки аёл 61 ёшда бўлган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, икки аёл дарёда чўкиб вафот этгани юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг ўлими юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Текширув ишлари давом этмоқда.
Май ойининг охирларида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида икки нафар ўқувчи ҳовузда чўкиб кетиб, ҳалок бўлганди. Тошкентнинг Бўрижар каналига тушиб кетган қизни қутқарган эркакнинг ўзи ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада уч нафар вояга етмаган бола сунъий сув ҳавзасига чўкиб кетган эди. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 14 ёшли мактаб ўқувчиси каналда чўкиб кетганди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига 2025 йил 12 майдан 10 июлгача Тошкентнинг турли ҳудудларидан етти нафар бола чўкиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Улардан бири вафот этган.
Изоҳ (0)