Поп мусиқа қироли Майкл Жексоннинг собиқ адвокати Брайан Оксманнинг сўзларига кўра, афсонавий қўшиқчининг вафотига суд жараёнлари сабаб бўлган.

Тергов ишлари узоқ давом этган ва хонанданинг руҳиятига оғир таъсир қилган, оқибатда Жексоннинг руҳий ҳолати издан чиққан. Бу ҳақда адвокат Radar Online нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Майкл кечалари ҳар замон қўнғироқ қилаверар эди. У доим битта саволни берарди: “Нега? Ахир мен уларга яхшилик қилган эдим-ку! Нега энди улар менга қарши ёлғон тўқишяпти?” У бундай фитнани кўнглига сиғдира олмасди. Бундай саволлар унга сўнгги йилларда ҳеч тинчлик бермади ва ўлимигача таъқиб қилиб келди, деди Оксман.
Майкл Жексон ҳаётининг сўнгги йилларида болаларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган ва бир неча марта суд қилиниб, якунда оқланган эди. Бироқ жамиятдаги босим, ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларидаги чексиз тахминлар, шунингдек, сўровлар натижасида америкаликларнинг катта қисми — тахминан 80 фоизи уни айбдор деб ҳисоблаши Жексон учун руҳий зарба бўлган:
Мен санъаткорман, мен доим одамлар муҳаббатига муҳтожман. Аммо уларнинг 80 фоизи мени жиноятчи деб билса, энди қандай яшайман, деган эди Жексон адвокатига.
Маълумки, Майкл Жексон 2009 йил 25 июнь куни Лос Анжелесдаги уйида вафот этган. Тиббий экспертиза унинг ўлимига оғриқ қолдирувчи кучли дори — пропофол ва бошқа препаратларнинг биргаликдаги ножўя таъсири сабаб бўлганини аниқлаган. Ўша куни эрталаб унинг шифокори Конрад Мюррей Жексонга пропофол инексиясини қилган ва хонандани ёлғиз қолдирган. 2011 йил ноябрида Мюррей эҳтиётсизлик туфайли қасддан бўлмаган қотилликда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. У 2013 йилда муддатидан олдин қамоқдан чиқарилган.

Майкл Жексон (1958–2009) америкалик қўшиқчи, раққос, бастакор ва продюсер, замонавий поп мусиқасининг энг йирик намоёндаларидан бири. У 5 ёшидан экранларга чиқа бошлаган ва Тhе Jackson 5 гуруҳи таркибида танилган. 1980 йиллардан бошлаб яккахон фаолиятида улкан муваффақиятларга эришган.
Унинг Thriller альбоми мусиқа тарихидаги энг кўп сотилган альбом ҳисобланади. Billie Jean, Beat It, Bad, Smooth Criminal, Black оr White каби ҳитлари мусиқий саноатда инқилоб ясаган. Саҳнадаги ўзига хос услуби, хусусан, “Ой юриши” рақси бутун дунёга машҳур бўлган Жексон 13 марта “Гремми” мукофоти соҳиби бўлган. Уни ҳануз “Поп қироли” деб атаб келишади.
Изоҳ (0)