OpenAI ChatGPT’да билимларни босқичма-босқич мустаҳкамлашга мўлжалланган янги функция – “Ўқув режими”ни (Study Моdе) тақдим этди.

Ушбу янгилик фойдаланувчиларга нафақат тайёр жавобларни олиш, балки вазифалар ва мавзуларни босқичма-босқич таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса маълумотларни чуқурроқ ўзлаштиришга ёрдам беради.
Мазкур функция барча тариф режаларида рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар, жумладан, бепул версия ҳамда Plus, Pro ва Теаm обуналари эгалари учун мавжуд. ChatGPT Edu таълим версиясига эса бу режим бир неча ҳафта ичида қўшилади.
Компания ушбу янгиликни уй вазифаларини бажариш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш ва янги мавзуларни ўзлаштиришда ёрдам берадиган восита сифатида тақдим этмоқда. Ишга туширилганда, фойдаланувчига маъқул кўрган таълим услубини танлаш таклиф этилади, масалан, амалиётга ёки визуал тушунтиришларга урғу бериш, шунингдек, жорий билим даражаси ва мақсадларини кўрсатиш.
Чатбот бу режимда рақамли репетитор вазифасини бажаради. У тайёр жавобни бермайди, балки аниқлаштирувчи саволлар ва маслаҳатлар бериш орқали фойдаланувчини мустақил ечим топишга йўналтиради. OpenAI’нинг таъкидлашича, бу режим ўқитувчилар ва таълим соҳаси мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, “ChatGPT’нинг ўқитиш салоҳиятини ривожлантиришда биринчи қадам” ҳисобланади.
Июнь ойи охирида ChatGPT суҳбат тизими ишга туширилганидан сўнг британиялик битирувчилар ва амалиётчилар учун бўш иш ўринлари сони камида 31,9 фоизга қисқаргани ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)