Дунёнинг 15 та давлати ташқи ишлар вазирлари Нью Йоркда ўтказилган конференция якунлари бўйича Фаластинни тан олиш масаласини кўриб чиқишни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда уларнинг қўшма баёнотида айтилган бўлиб, уни Франция Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилди.

“Биз - Австралия, Андорра, Ирландия, Исландия, Испания, Канада, Люксембург, Малта, Янги Зеландия, Норвегия, Португалия, Сан-Марино, Словения, Финляндия ва Франция ташқи ишлар вазирлари аллақачон тан олганмиз, мамлакатларимиз Фаластин давлатини икки давлат асосида низони ҳал қилишнинг энг муҳим қадами сифатида тан олишга тайёр эканлигини ёки бу масалани ижобий кўриб чиқаётганини маълум қиламиз ҳамда буни ҳали амалга оширмаган барча мамлакатларни ушбу чақириққа қўшилишга ундаймиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлар барча мамлакатларни “Исроил билан нормал муносабатлар” ўрнатишга ва “Исроилнинг минтақавий интеграцияси” бўйича музокаралар бошлашга тайёрлигини билдиришга чақирди. Улар Ғазо секторида “келажак меъморчилиги” устида ишлаш ниятида эканликларини маълум қилишди. Бу режа Ғазони қайта тиклаш, шунингдек ҲАМАС ҳаракатини қуролсизлантириш ва уни Фаластинни бошқариш тизимидан чиқариб ташлашни назарда тутади.
Ташқи ишлар вазирлари раҳбарларининг таъкидлашича, Фаластинни тан олиш масаласи 2025 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 80-сессиясининг юқори даражали ҳафтасида муҳокама қилинади.
Бундан аввал Канада бошқа давлатлар қатори Фаластин давлатини тан олиш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.
Бундан аввал Бирлашган Қироллик бош вазири Кир Стармер Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида Буюк Британия Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгандан сўнг Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини маълум қилганди.
Шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси сессиясида мамлакат Фаластин давлатини расман тан олишини э`лон қилганди.
Изоҳ (0)