Украина делегацияси 2 июнь куни Истанбулдаги музокараларда Россия томонига 500 дан ортиқ фамилияларни ўз ичига олган қидирувдаги болалар рўйхатини топширди. Бу ҳақда украиналик болаларни Россия ҳудудига кўчириш бўйича терговга яқин манба “Верстка” нашрига хабар берди.

Рўйхатда 2022 йил кузида Херсон вилоятидаги болалар уйидан Қримга олиб кетилган 50 га яқин бола мавжуд. Шу болалар ичида “Адолатли Россия” партияси раҳбари раҳбари Сергей Мироновнинг рафиқаси Инна Варламова томонидан олиб кетилган Илья Вашченко ва Маргарита Прокопенко ҳам бор.
Оила 10 ойлик депортация қилинган қизни фарзандликка олгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Украина рўйхатида Россия Қуролли кучлари шаҳарни эгаллаб олганидан сўнг ёпилган “Олешки” махсус болалар интернат уйи тарбияланувчилари ҳам мавжуд.
Рўйхат Украина хавфсизлик хизмати маълумотлари, васийлик органлари, полиция ва омбудсман идораси маълумотлари асосида тузилган. Болаларни депортация қилиш фактлари кўп ҳолларда фақат жиноий ишларни тергов қилиш жараёнида аниқланган.
Рўйхатдаги болаларнинг барчаси аниқ депортация қилинган ва деярли барчасининг Украинада қариндошлари бор. Шу сабабли Россия уларни ватанига қайтаришга мажбур, деди The Reckoning лойиҳасининг ҳарбий жиноятлар бўйича катта ҳужжатчиси Виктория Новикова.
2023 йилда Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш ва Россия ҳудудига ноқонуний кўчиришда айбланмоқда. Жиноятлар, суд маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери содир этилган. Кремль бунга жавобан Россия Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмаслигини айтган. Ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Жо Байден ХЖС қарори асосли эканини билдирганди.
Изоҳ (0)