Гаагада Россиянинг Украинага жиноятларини тергов қилиш бўйича халқаро марказ (ICPА) ўз ишини бошлади, у Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Халқаро жиноий суд прокурорларини ўз ичига олади, деб ёзмоқда Eurojust матбуот хизмати.
“ICPА шарофати билан турли мамлакатларнинг мустақил прокурорлари ҳар куни битта жойда биргаликда ишлаши, далилларни тез ва самарали алмашиши, тергов ва таъқиб қилишнинг умумий стратегиясини келишиб олиши мумкин бўлади”.
Пресс-релизда қайд этилишича, марказнинг ташкил этилиши махсус трибунал яратиш йўлидаги биринчи қадам, чунки марказ томонидан тўпланган материаллар Украинага босқинчилик жинояти бўйича жиноий иш қўзғатиш учун асос бўлади.
Бундан ташқари, матбуот хизмати Украинадаги уруш тарихда энг кўп ҳужжатлаштирилган уруш эканини, босқинчилик жинояти бўйича фаол тергов биринчи марта ҳали тугамаган қуролли можаро контекстида олиб борилаётганини қўшимча қилди.
“Шу билан бирга, биз камдан кам ҳолларда жиноий жавобгарликка тортиладиган ва стандарт амалиётга эга бўлмаган халқаро жиноят билан шуғулланамиз”, — дейилади пресс-релизда.
17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумонланмоқда. Худди шундай ордер болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.
“Уруш болалари” лойиҳасига кўра, Украинада вояга етмаганларни мажбуран депортация қилиш бўйича қарийб 19,5 мингта ҳолат қайд этилган. Атиги 380 нафар бола қайтарилган.
Изоҳ (0)