Ироқдаги уруш оқибатида ҳеч қандай қонунбузарликлар қайд этилмаган ва айбловлар қўйилмаган, шунинг учун собиқ президент кичик Жорж Буш устидан халқаро суд жараёнини бошлаш имконсиз. Бу ҳақда Барак Обама давридаги собиқ давлат котиби (2013—2017), ҳозирда эса президентнинг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри Франциянинг LCI телеканали эфирида айтиб ўтди.
Эфирда журналист Ғарб Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун Россия президенти Владимир Путинни судга беришни талаб қилаётганини эслатиб, Керрининг Ироқдаги воқеалар бўйича Бушга нисбатан худди шундай суд жараёнини қўллаб-қувватлаши ёки йўқлигини сўради.
“Йўқ. Чунки президент Бушга қарши бевосита айбловлар қўйиш жараёни бўлмаган. Агар уруш пайтида қонунбузарликларга йўл қўйилган бўлса, унда ҳа”, — деб жавоб берди Керри ва ўзи АҚШ қўшинларининг Ироққа киришига қарши бўлганини эслади.
Маълумот учун Конгресс томонидан берилган Ҳарбий куч ишлатиш рухсатномалари (АUMF) АҚШ президентига қонунчилик рухсатисиз ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун кенг ваколатлар тақдим этади. 1991 йилда бундай рухсатномалар катта Жорж Буш давридаги Форс кўрфази урушида АҚШ қўшинларидан фойдаланиш учун берилган, 2002 йилда кичик Жорж Буш АUMF’ни тасдиқлаган, бир йилдан сўнг Ироқда ҳукумат раҳбари Саддам Ҳусайнни ағдариш учун уруш бошланган. АҚШ Ироқ ҳукуматини террорчилар билан алоқада ва оммавий қирғин қуролларини яратишда айблаган.
Форс кўрфази уруши 1991 йил февраль ойида тугади. Ҳусайн 2006 йилда қатл этилди. АҚШ қўшинларининг асосий қисми Ироқни 2011 йилда тарк этди.
Путинни ҳибсга олиш ордери
17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинмоқда. Худди шундай ордер Болалар омбудсмани Мария Львова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.
Изоҳ (0)