Россия ҳукумати Украинага кенг кўламли босқин давомида кўплаб ҳарбий ҳамда инсониятга қарши жиноятларни амалга оширган ва халқаро гуманитар ҳуқуқни бузган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгаши қошида ташкил этилган Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссия ҳисоботида айтилади. Ҳисобот Россиянинг Мариуполдаги драма театрига қилган ҳужумининг бир йиллиги муносабати билан чоп этилди.
Комиссия уруш жиноятларини тинч аҳолига ва энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш, қасддан қотиллик, ноқонуний тарзда қамаш, қийноқлар, зўрлаш ва жинсий зўравонликнинг бошқа турлари, шунингдек, болаларни ноқонуний кўчириб юбориш ва депортация қилиш деб таснифлади.
Ҳисобот муаллифларига кўра, Россия ҳарбийлари Украинада ҳужумларни “тинч аҳолига етказиладиган зарар ва азоб-уқубатларни атай ҳисобга олмаган ҳолда, зарур эҳтиёт чораларини кўрмасдан” “ғараз билан” амалга оширган.
Шу билан бирга, комиссия Украина Қуролли кучлари аъзолари томонидан содир этилган “айрим қонунбузарликлар”, жумладан, россиялик ҳарбий асирларнинг отиб ўлдирилиши, ярадор қилиниши ва қийноққа солиниши бўйича иккита ҳодисани уруш жинояти сифатида ҳужжатлаштирганини таъкидламоқда.
Ҳисоботни тайёрлаш жараёнида БМТ комиссияси аъзолари Украинанинг 56 та аҳоли пунктларида бўлиб, уларда 348 нафар аёл ва 247 нафар эркак билан суҳбат ўтказди. Бундан ташқари, терговчилар ҳибсхоналар ва қийноқлар, оммавий қабрларни кўздан кечирди.
Комиссия раҳбари Эрик Месе журналистларга Украинада геноцид белгилари топилмаганини айтди.
Ҳисобот муаллифлари барча аниқланган қонунбузарликлар ва жиноятларни текширишни ҳамда айбдорларни миллий ва халқаро даражада жавобгарликка тортишни тавсия қилди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, БМТ комиссиясининг ҳисоботи Россияга қарши “айбни фош қилувчи оҳанг”да тузилган, Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси экани ҳисобга олинса, бу жуда ноодатий ҳол, деб таъкидлайди “BBC рус хизмати”.
Февраль ойида АҚШ ҳукумати Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин содир этган инсониятга қарши жиноятлари ҳақида маълумот берганди.
13 март куни The New York Times газетаси манбаларга таяниб, Гаагадаги Халқаро жиноий суд Украинага босқин пайтида содир этилган жиноятлар бўйича Россияга қарши иккита иш қўзғатмоқчи эканини хабар қилди. Улардан бири украиналик болаларнинг ўғирланиши, иккинчиси фуқаролик инфратузилмасига қасддан қилинган ҳужумлар билан боғлиқ. Кремл Гаагадаги Халқаро жиноий суд юрисдиксиясини тан олмаслигини билдирди.
Изоҳ (0)