Россия қуролли кучлари Украинага бостириб киргунга қадар Херсондаги Болалар уйида 5 ёшгача бўлган 46 нафар бола тарбияланар эди. Шаҳар босиб олингач, улар мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. Россия ижтимоий соҳа ходимлари болаларнинг исмларини ўзгартирди, ҳужжатларини янгилади ва уларга Россия фуқаролигини берди.
Кейинчалик уларнинг айримлари рус оилалари томонидан фарзанд сифатида асраб олинди. Россия ҳукумати бу болаларни қутқариб қолганини даъво қилса-да, экспертлар фикрига кўра, уларга нисбатан ҳарбий жиноят содир этилган.
Қуйида “Дарё” Тhе New York Times журналистларининг ушбу мавзуга бағишланган суриштирувини эътиборингизга ҳавола этади.
Украинадан 46 нафар бола олиб кетилган. Уларнинг кўпчилиги Россияда асраб олинган бўлиши мумкин.
Тhе New York Times журналистлари президент Владимир Путиннинг партиясига алоқадор бир гуруҳ сиёсатчилар ҳамда мансабдорлар украиналик болаларни қай тарзда Херсондан кўчириб кетганини ўрганишди.
Юсур ал-Хлу ва Маша Фроляк 2022 йилдан бери Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини ўрганиш билан шуғулланади. Қуйида келтирилган воқеаларни таҳлил қилиш жараёнида улар Украина жанубидаги бир нечта шаҳарларда бўлишди.
2022 йил 24 февраль. Рус қўшинлари мамлакатга бостириб киргани ҳақидаги хабарлар тарқалганда Наталя Лукина ўз уйи олдида такси кутаётган эди.
Соат эрталабки олти. У ўзи шифокор бўлиб ишлайдиган Херсон Болалар уйи томон шошилаётган эди. Мазкур давлат муассасасида имконияти чекланган болалар тарбияланишади.
Наталя Болалар уйига етиб келган вақтда бинода рус замбаракларининг овозлари эшитилмоқда эди. Наталя ва ҳамкасблари мураккаб вазиятда қолишди: “50 нафардан ортиқ ҳимоясиз болаларни қандай қутқарамиз?”
Бу ерда эмизикли гўдаклардан то беш ёшгача бўлган болалар бор, уларнинг айримлари серебрал фалаж каби жиддий хасталикларга чалинган. Уларнинг ота-оналари ҳаёт, баъзиларининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган, айрим болалар эса номақбул оилалардан олинган ёки ота-оналари томонидан ташлаб кетилган.
“Биз кетсак, болаларнинг ёнида ким қолади?” — Наталя Лукина нима сабабдан Херсондан кетмасликка қарор қилганини шундай изоҳлайди. “Тасаввур қилинг, ҳаммамиз қўл силтаб кетиб қолсак...”
Муассаса директори, болаларнинг қонуний васийси Елена Корниенко уруш бошланишидан икки ҳафта олдин болалар учун зарур чамадончаларни тайёрлаб, озиқ-овқат, сув ва тагликлар заҳирасини ғамлаб қўйган эди.
Болалар уйи зарбаларга дош беролмаслиги аниқ, устига устак, полиция ҳам шаҳарни тарк этиб бўлганди. Елена 300 метр нарида жойлашган полиция биносининг ертўласидан фойдаланмоқчи бўлди. Бироқ телефон орқали гаплашган полиция бошлиғи бинога ҳарбий нишон сифатида зарбалар берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бундай вазиятда қаердан нажот топиш мумкин? Елена Корниенко интернет орқали бирор бехавотир жой излай бошлади. Унинг бахтига шу яқин орада яшириниш мумкин бўлган бошпана топилди.
Ходимлар ўқ ёмғирлари остида, кимнидир пиёда, айримларни эса аравачаларда бетон ертўлага кўчиришди, егуликлар, дори-дармонлар, шунингдек, оғир беморлар учун электр насослар ҳамда гастрономик трубкаларни ҳам олиб ўтишди.
Болалар Херсонда вақтинчалик бошпанага кўчирилди. Тарбиячи олган суратда болалар полда қишки кийимларда ухлаётгани акс этган.
Болалар уйида юзага келган аянчли вазиятдан маҳаллий руҳоний хабар топди. У болаларни ўз черковига олиб келишга кўндирди, бу ер ҳар ҳолда иссиқ, шунингдек, электр ва егуликлар бор эди.
Болаларни яна кўчириб, черков ертўласига яширишди. Ходимлар ташқаридан кўринмасин деган мақсадда ойналарни тагликлар солинган қутилар билан тўсишди.
Черковга яширилган болалар ҳақида тарбиячилар олган видео. 2022 йил 25 февраль.
Ҳамширалардан бири Катерина Сиродчукнинг ҳикоя қилишича, улар россиялик ҳарбийлар болаларни олиб кетишидан хавотирда бўлишган. “Биз улар келиб, ҳамма нарсани ўз назоратига олади, деб қўрққан эдик”, дея хотирлайди Катерина.
Уларнинг хавотирлари асоссиз эмаслиги тез орада ойдинлашди. 2022 йилнинг 25 апрелида рус ҳокимияти вакиллари болаларни топиб олди. Оқибатда, улар уйидан 300 километр узоқликка олиб кетилди. Пайтдан фойдаланган амалдорлар эса тарғибот-ташвиқот мақсадида болалар иштирокида видеолар суратга олишди.
Россия томонидан тайинланган амалдорлар давлат ОАВлари ва Telegram-каналларда болаларнинг суратларини эълон қилиб, уларни қутқарганларини даъво қилишди.
Тўпланган маълумотлар шундан далолат берадики, украиналик болаларни ватандан олиб кетиш ва миллий ўзлигидан маҳрум қилиш Владимир Путин ҳамда унинг сиёсий маслакдошлари томонидан амалга оширилаётган кампаниянинг бир қисми бўлган. Россия ҳукумати назоратига тушиб қолган болаларнинг тақдирини аниқлаш мақсадида Тhе New York Times журналистлари Россия ижтимоий тармоқларидаги постларни таҳлил қилишди, фото, видео, матнли хабарлар ва бошқа ҳужжатларни қўлга киритишди, 110 нафардан ортиқ тарбиячилар, ҳуқуқшунослар, рус ва украин амалдорлари билан суҳбатлашишди.
Ҳуқуқ соҳаси мутахассисларининг фикрига кўра, болалар билан юз берган воқеалар ҳарбий жиноят сифатида тан олиниши мумкин.
Босқин бошлангандан сўнг икки ҳафта ўтгач, Россия телеканалларида намойиш этилган олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белова Владимир Путин билан юзма-юз учрашув чоғида ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолиб кетган Украина болалар муассасалари тарбияланувчиларини кўчириш юзасидан ёрдам сўраган. Ўшанда президент болаларни Россия оилаларига жойлаштириш бўйича барча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ваъда берган эди.
Владимир Путин Украинага қўшин киритиш арафасида берган баёнотларида ўз мақсадини очиқ баён этган: Россияга тегишли деб ҳисобланадиган шаҳарлар тўлалигича маданий ассимиляция қилинади. Шу тарзда юқори мартабали амалдорлар бир тўхтамга келгач, гўдакларни кўчириш режаси амалга оширилди.
“Бу болалар рус эканига уларнинг ишончи комил”, — дейди Гарвард университетида фолият олиб борувчи украиналик тарихчи. “Болаларни ўғирлаб кетиб, уларни руслаштириш жараёнини тезлаштирмоқчи бўлишган”.
Бир неча ҳафта давомида украиналик масъуллар ҳамда полициячилар рус қўшинлари томонидан тўлиқ эгаллаб олинган Херсондаги черковдан болаларни эвакуация қилиш чораларини излашди. Улар Россияни маҳаллий аҳоли учун гуманитар коридор очишдан бош тортишда айблашар эди.
Апрель ойида Украина президентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Telegram’да болаларни қутқаришда ёрдам сўраб пост қолдиради ва уларнинг қаерда жойлашганини маълум қилади.
Ўша куниёқ черковга ўзини “Навигатор” деб таништирган шахс бошчилигида бир гуруҳ қуролланган одамлар келишди ва болаларни Херсон Болалар уйига қайтаришни талаб қилишди. Уларга Қримдаги пропагандачи оммавий ахборот воситаси вакиллари ҳамроҳлик қилишар эди, улар ўз репортажида Украина ҳукуматини болаларни ўғирламоқчи бўлганликда айблашди.
Черков руҳонийси болалар учун ертўла хавфсизроқ эканини тушунтирмоқчи бўлди. Аммо тарбиячилар чорасиз қолишган эди, улар буйруққа бўйсуниб, болаларни яна ўша муассасага қайтариб олиб боришди, бу ерда оккупацион ҳукумат уларни доимий назоратда сақлар эди.
2022 йил 25 апрель куни Қримдаги пропагандачи ОАВлари россиялик амалдорларнинг черковга келганини тасвирга олишди. Амалдорлар болаларни Херсондаги Болалар уйига қайтаришни талаб қилишган.
Наталя Лукинанинг хотирлашича, болаларни кўчириб ўтказганларидан сўнг охир-оқибат Украинадан бутунлай олиб кетишса керак, деган шубҳага боришган, чунки “агар бу болалар уларга керак бўлмаганда, нега черковни ташлаб чиқишга мажбур қилишди?”
Кейинги ойлар давомида россиялик ҳарбийлар огоҳлантиришсиз тез-тез келиб, болаларни ва тарбиячиларни назорат қилиб туришди.
Улар “Ҳамма болалар шу ердами?” деб сўрашар эди, — дея хотирлайди Наталя Лукина. — Агар болалар жойида бўлмаса, кунимиз битишини билар эдик.
2022 йилнинг баҳорига келиб, босиб олинган Херсонда маҳаллий аҳоли мажбуран ассимиляция жараёнларидан ўтказилди. Янги ҳокимият тайинланди, Болалар уйига Россия байроғи ўрнатилди, сиёсатчилар ва ҳарбийлар эса болаларга гуманитар ёрдам олиб кела бошлашди.
Наталя Лукинанинг афсус билан эслашича, совғалар орасида Россия дарсликлари ва катта қадоқларда газланган ичимликлар каби айрим бефойда нарсалар ҳам бўлган.
“Болалар газли ичимликлар ичиши мумкин эмаслигини биласиз-ку?! Назаримда, улар бутун дунёга украиналик болаларни қутқараётганини кўз-кўз қилмоқчи бўлишар эди”.
Кейинги бир неча ой давомида россиялик мансабдорлар болаларга ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида фото ва видеотасвирлар олишган ва ўз Telegram-каналларида эълон қилишган.
Игор Кастюкевич, “Навигатор”, болалар ҳолидан хабар олганини Telegram’га жойлаган.
Болаларни черковдан олиб кетишга буйруқ берган “Навигатор” лақабли одам Болалар уйига мунтазам келиб турган. Кейинчалик маълум бўлишича, у Владимир Путиннинг “Единая Россия” партиясидан мамлакат парламентига сайланган депутат Игор Кастюкевич экан.
Болалар учун мўлжалланган буюмларни партия номидан шахсан топшириш мақсадида Москвадан Давлат Думаси вице-спикери Анна Кузнецова ташриф буюрган. У Telegram’да #SvoixNeBrosayem (“ЎзимизникиларниТашлабКетмаймиз”) дея ҳарбий ҳештег услубида изоҳ қолдирган ва бу билан болалар Россияга тегишли эканига урғу берган.
Россиялик амалдорлар ҳам Тhе Times’га берган интервьюсида херсонлик болалар рус эканини таъкидлашган.
Май ойида Владимир Путин бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берган ваъдасини бажарди ва президент фармонига имзо қўйиб, фуқаролик олиш талабларини соддалаштирди: энди Херсонда ва бошқа босиб олинган ҳудудларда украиналик васийлар асраб олинган болалар ва етимлар номидан Россия фуқаролигини олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлишган эди.
Мазкур фармон жараённинг ўзини ҳам тезлаштирди: илгари фуқаролик олиш беш йилгача чўзилган бўлса, энди болалар 90 кунда, ҳатто ундан ҳам қисқа вақтда Россия фуқароларига айланишлари мумкин эди.
Бир ойдан сўнг Елена Корниенкони оккупацион Херсон Соғлиқни сақлаш вазирлигига чақиришди. Россия томонидан тайинланган амалдор ундан Болалар уйи директори лавозимидаги фаолиятини давом эттиришни сўради — янги маъмурият назорати остида, албатта. Унга ҳатто Россия паспорти таклиф этилди.
Елена Корниенко таклифни рад этди. У босқинчилар билан бир ҳаводан нафас олишни истамас эди. Унинг сўзларига кўра, оккупантлар Болалар уйи ходимларини қўрқитишган, ким тарафда эканини суриштириб, сиёсий қарашлари билан қизиқишган. Ҳаттоки болаларнинг олдида ҳам қуролларини қўлдан қўйишмаган.
Наталя Лукина ҳам ишдан бўшади. У болаларга жуда боғланиб қолган эди, аммо россиялик амалдорларнинг қилмишларига аралашиб қолишни истамади.
“Мен бу ишларда иштирок этишни истамадим”, деди у. “Ўзимни ҳам олиб кетишларидан қўрқар эдим”.
Оккупантлар ҳокимияти янги директор топиш умидида Болалар уйи педиатри, тунги навбатчиликларда қоладиган ва дам олиш кунлари ҳам ишлайдиган Татьяна Завалскаяга мурожаат қилишди. У янги маъмуриятга нисбатан ижобий муносабат билдирар ва ўзининг россияпараст фикрларини яширмас эди.
Татьяна Завалская босқинчи ҳокимиятнинг Болалар уйини янги администрация қошидаги юридик шахс сифатида рўйхатга олиш қарорини қўллаб-қувватлади. Уларнинг фикрига кўра, бундай қарор Украинага тегишли бўлган муассаса ва унинг тарбияланувчилари устидан назоратни қонунийлаштириш имконини берар эди.
Болалар уйи ўша ойдаёқ қайта рўйхатдан ўтказилди.
Август ойида РТ давлат телеканали Херсонни босиб олишга бағишланган лавҳа намойиш этди. Оккупацион маъмурият тасарруфига ўтган Болалар уйи ҳам кўрсатилди. Бошловчи Антон Красовский эшик олдига келиб, кираверишдаги лавҳага кўзи тушди: “Ёзув олдингидек украин тилида”, — сўнгра юқорига қаради-да, “Аммо байроқ бизники: рус байроғи. Энди доим шундай бўлади”, — деди.
Антон Красовский Болалар уйи ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш мақсадида келган эди. Мазкур фильм 2022 йил август ойида РТ телеканалида намойиш этилди.
Кейинчалик Татьяна Завалская интервью бериб, Украина президентини “масхарабоз” деб атади.
“Ҳамма умидим Россиядан”, — дея қўшимча қилди у.
Россия телеканалларида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан олиб келинган болаларни рус жамиятига сингдириш мавзусида мунтазам репортажлар намойиш этилар эди.
Кўплаб видеоларда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Лвова-Белова Донбассдаги муассасалардан олиб кетилган болаларга шахсан ўзи ҳамроҳлик қилгани акс этган. У болаларни янги васийларга топширар экан, энди улар Россия фуқароси эканига урғу берар эди.
Лвова-Белова Telegram-каналида ёзишича, ўзи ҳам украиналик ўсмирни асраб олган ва бу бола кейинчалик Россия фуқаролигига эга бўлган.
2022 йилнинг бутун ёз фасли давомида Россия телеканаллари Лвова-Белова шахсан ўзи донбасслик болаларни россияликларнинг оилаларига олиб келиб топшириш билан шуғулланганини намойиш этишди. Болаларнинг айримлари ўша пайтдаёқ Россия фуқаролигига эга бўлишган.
Шарқий Европа бўйича айрим мутахассислар Кремлнинг бундай хатти-ҳаракатларидан кўзланган мақсад Россиянинг Украинага босқинини оқлаш ҳамда Владимир Путинни халоскор сифатида кўрсатишдан иборат деб ҳисоблашади.
Путин ўзини гўёки “Худонинг иродаси”ни амалга ошираётгандек ҳис қилган бўлса керак, — дейди Халқаро Карнеги Тинчлик жамғармаси ходими Эндрю Вайс. — Бу бошдан оёқ театр. Унинг асосида Украина мавжуд бўлмаган деган сохта тарихий тасаввурлар ётибди.
Владимир Путин Херсонни ва яна учта вилоятни ноқонуний аннексия қилгач, Украина қуролли кучлари Херсонни қайтариш бўйича ҳарбий операцияни бошладилар.
Шаҳарнинг қўлдан кетишидан хавфсираган россиялик амалдорлар бошқа муассасалар қатори Болалар уйи бўйича ҳам режа ишлаб чиқишади. Оккупация қилинган Қрим Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари болаларни олиб кетишда кўмаклашиш учун ёпиқ онлайн чат орқали талаба-шифокорларни жалб қилишди.
Ҳамшира Наталя Кибкало Болалар уйида 30 йилдан бери меҳнат қилар эди. У коронавирусга чалинган гўдакларни эндигина ухлашга ётқизган ҳам эдики, бир янгиликни эшитиб қолди: эрталаб болаларни олиб кетишар экан.
Ўша тунда у мижжа қоқмади. Бошқа тарбиячилар билан бирга эрталабгача болаларнинг курткаларига уларнинг исм-фамилияси ёзилган ёрлиқларни тикди, кийим-кечакларини тугунларга солди.
Эртасига, 21 октябрь куни эрталаб Наталя одатдагидек болаларнинг тагликларини алмаштирди, уларни овқатлантирди. Аммо болаларни олиб кетишар экан, деган сўзлар унга тинчлик бермаётган эди. Охири, чидай олмай, таксида уйига кетди.
“Биз қўлимиздан ҳеч нарса келмаслигини, бунинг олдини ололмаслигимизни тушунар эдик”, — дейди Наталя. “Уларни олиб кетаётганларини ўз кўзим билан кўрсам, кейин қандай яшай олишимни тасаввур қила олмас эдим”.
Эрталаб соат 8 ларга яқин Болалар уйи олдига тез ёрдам машиналари ҳамда “З” белгиси туширилган оқ автобуслар келди.
Масъуллар орасида Игор Кастюкевич, “Навигатор”, Қримнинг ўша пайтдаги соғлиқни сақлаш вазири, унинг ўринбосари ҳамда бошқа Болалар уйининг бир нечта ходимлари бор эди, кейинчалик улар болаларнинг янги тарбиячилари этиб тайинланди.
Татьяна Завалская ҳар бир боланинг шахсий ҳужжатлари ва тиббиёт карталарини алоҳида жилдларга жойлаштирди.
Болалар уйининг ҳовлисида Игор Кастюкевич гўдаклардан бирини қўлига олди, ўпди ва ёнидаги одамга узатди. Бирин-кетин 46 нафар боланинг исми янгради. Сўнгра қишки либослар кийдирилган болалар автобусларга ҳамда тез ёрдам машиналарига жойлаштирилди.
2022 йилнинг 21 октябрь куни россиялик амалдорлар Херсондаги Болалар уйи тарбияланувчиларини олиб кетишди. Фото ва видеотасвирлар “ВКонтакте” ижтимоий тармоғига жойлаштирилди.
Ўша куни эрталаб колонна Болалар уйидан йўлга чиқиб, паромда дарёдан ўтди. Кечга томон манзилга етиб келинди.
Украина тарафи вакилларининг сўзларига кўра, уларга болаларнинг жойлашган манзили ҳақида расман маълумот берилмаган. Аммо россиялик амалдорлар Telegram’да из қолдиришган эди.
Болалар Қрим пойтахти Симферополга олиб келинди ва иккита муассасага жойлаштирилди. Мазкур муассасалардан бири — “Ёлочка” ходимлари илгари болаларга талаб даражасида қарамаганликда айбланган эди.
Болаларга иссиқ пойабзаллар ва қўлқоплар олиб келган Игор Кастюкевич ўз Telegram-каналида ёзганидек, болаларнинг шароити “олдингидан анча яхши” эди.
Россиялик мансабдорларнинг фикрига кўра, болаларнинг кўчирилиши инсонпарварлик намунаси ўлароқ уларнинг конституциясига мос келади, сабаби Херсон вилояти қўшиб олингач, минтақа аҳолиси уларнинг назоратига ўтган.
“Улар ким экани ва илгари ким бўлгани муҳим эмас”, — дейди Қрим Болалар ишлари бўйича департамент бошлиғи Светлана Шербакова. “Энди болалар тинч осмон остида яшашмоқда”.
Бироқ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларнинг таъкидлашича, Россия қонунлари халқаро мажбуриятлардан устун бўлиши мумкин эмас.
Қуролли тўқнашувлар вақтида хавфсизлик нуқтайи назаридан болаларни вақтинчалик эвакуация қилишга рухсат берилади , бироқ бундай жараён протоколларга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиши лозим. АҚШнинг Глобал жиноий адлия бошқармасидаги собиқ элчиси Стивен Ж.Реппнинг фикрига кўра, Россия болаларнинг ҳаракатланишини расман назорат қилмагани ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига кўра воситачиларга улар билан учрашиш имконини тақдим этмаганининг ўзиёқ болаларнинг эвакуацияси куч билан амалга оширилганини билдиради.
“Россия гуманитар миссия деб ҳисоблайдиган мазкур жараён аслида даҳшатли ҳарбий жиноятдир”, — дея қайд этди Репп.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белова Москвадан Қримдаги Болалар уйига келиб, шароитлар билан танишгач, шундай деган эди:
“Бола ҳуқуқлари бўйича вакил офиси болаларнинг ҳақиқий ота-оналари топилмаган тақдирдагина уларни рус оилаларига жойлаштиришга кўмаклашади”.
Лекин бу сўзларга ҳар доим ҳам амал қилинмади.
Тhе Times журналистлари болалар билан учрашгандан кейин украиналик оилалардан бири уларнинг фарзандлари Қримда эканини билиб қолган. Шу пайтга қадар улар ўз фарзандларининг тақдиридан бехабар бўлишган, ваҳоланки, ҳужжатларга кўра, россиялик мансабдорлар болаларнинг исми-фамилияси ва манзили ҳақида маълумотга эга эдилар.
Уларнинг ўғли Николай Володин аутизм билан касалланган, қизи Анастасияга эса болалар серебрал фалажи диагнози қўйилган. Ака-сингил Украина давлати қарамоғида бўлган, бироқ эр-хотин ўз фарзандлари Херсондан олиб кетилганини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаган эди.
“Мен ҳеч кимга уларни асраб олишларига йўл қўймайман”, — дейди болаларнинг отаси Роман Володин.
2022 йилнинг қиш ойларида янги тарбиячилар васий ролини бажараётган Татьяна Завалская билан биргаликда болаларнинг Россия жамиятидаги турмушини қонунийлаштириш мақсадида бир нечта чора-тадбирларни амалга оширишди. Ваҳоланки, болаларнинг ота-оналари ҳаёт эди, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, уларнинг исм-шарифлари Россия ҳукуматига маълум эди.
Дастлаб, ака-сингил Володинлар ҳамда Болалар уйининг бошқа тарбияланувчилари номидан туғилганлик ҳақида гувоҳнома (Россия нусхаси) олиш учун ариза беришди ва уларнинг исмларини рус тилига мослаштиришди.
Тарбиячилар, шунингдек, Россия индивидуал суғурта рақамларини олишга ёрдам беришди, уларнинг фикрига кўра, бу тиббий полис олиш учун зарур экан.
Янги ҳужжатлар россиялик мансабдорлар томонидан Telegram’да эълон қилинган фотосуратларда акс этган.
Кейинчалик болалар Россия фуқаролигини олишди — бу уларни асраб олиш ҳамда Россия оилаларига васийликка бериш учун зарур шартлардан бири эди.
Ҳуқуқ соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, янги ҳужжатларнинг берилиши, исмларнинг мослатирилиши ҳамда фуқароликнинг ўзгартирилиши Россия ҳукумати томонидан болаларни украин илдизларидан маҳрум қилиш мақсадида амалга оширилган, бу Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни бузиш ҳисобланади. Бу ҳам ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин.
2022 йилнинг декабрида Владимир Путин яна бир фармонни имзолади, унга кўра, васийлар қўл остидаги тарбияланувчилар номидан Украина фуқаролигидан воз кечишлари мумкин эди.
Шунга қарамай, россиялик мансабдорлар болаларни репатриация қилиш режаси йўқ, дея баралла айтишди, уларнинг сўзларига кўра, болалар бундан буён ҳам давлат томонидан “тўлиқ қўллаб-қувватланади”.
“Бу болалар энди Россия ҳужжатларига эга, — дейди интервьюда “Навигатор”, Игор Кастюкевич. — Давом этиш керак”.
Тўлақонли босқиндан сўнг орадан бир йил ўтиб, Қримнинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳамда унинг ўринбосари Херсондан маҳаллий аҳоли вакилларини эвакуация қилишда, жумладан, болаларни кўчиришда иштирок этгани учун президент Путиндан давлат мукофотларини олишган эди.
Мукофот топшириш маросимининг эртаси куниёқ Халқаро Жиноий суд бош прокурори Владимир Путинни ҳамда унинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакилини ҳибсга олишга ордер берди. Уларга бутун Украинадаги Болалар уйларидан “юзлаб болаларни ноқонуний тарзда кўчириш” айби қўйилган эди.
“Бу вақтинчалик кўчириш эди, маълум муддатдан сўнг болалар Ватанига қайтарилади, дейиш учун ҳеч қандай асослар йўқ”, — дейди Гаагадаги собиқ прокурор Паям Ахаван.
Тhе Times Владимир Путин ҳамда Мария Лвова-Белова девонига изоҳ сўраб кўп маротаба мурожаат қилган бўлса-да, жавоб келмади. Болалар бўйича вакил ўзининг омма олдидаги чиқишларида бу йўналишдаги ишларни давом эттиришга ваъда берди. Ўз навбатида, Владимир Путин администрацияси ўтган йилги матбуот-анжуманида бундай ордерларни “бир тийинга қиммат” деб атади. Кейинчалик Владимир Путин болаларни қайтариш масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтди, фақат шу шарт биланки, фарзандларини олиб кетиш учун ота-оналарнинг ўзлари келиши лозим.
Юқори лавозимли амалдорлар судга тортилиши эҳтимолдан жуда узоқ, аммо ҳуқуқшуносларнинг фикрига кўра, уларга қарши қўзғатилган ишлар, очиқ манбалардаги далилларни инобатга олганда, “метиндек пухта ва мустаҳкам”.
Шуниси ҳам эътиборга моликки, Россияга нечта бола мажбуран кўчирилгани ёки депортация қилингани ҳақида якдил фикр мавжуд эмас. Бунинг сабабларидан бири Украинада болаларни ҳимоя қилиш тизимининг марказлашмаганида. Украина тарафи болаларнинг умумий сони 19 500 атрофида эканини таъкидлайди, бироқ Киевдаги давлат хизматчилари ўз интервьюларида ушбу маълумотларни батафсил тушунтириб ёки изоҳлаб бера олмадилар.
Херсондаги Болалар уйи тарбияланувчилари олиб кетилгандан бери орадан салкам 20 ой ўтди. Фотосуратларда болалар шу вақт давомида қандай ўзгарганини кўриш мумкин, уларни ҳаттоки украиналик тарбиячилари ҳам осонликча таний олишмайди.
Бундай ўзгаришлар болаларни топиш ва Ватанга қайтаришга ҳаракат қилаётган украиналик терговчиларнинг ишини мураккаблаштириши мумкин. Улар айни пайтда Игор Кастюкевич, “Навигатор” ҳамда Болалар уйи директори Татьяна Завалскаяга қарши жиноий ишлар очишган.
Ўтган йилнинг ёзида болаларнинг раҳбари яна ўзгарди. Энди Татьяна Завалскаянинг ўрнига уларнинг манфаатларини оккупация қилинган Херсон областининг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазирлиги ҳимоя қилади.
Вазирлик раҳбари Алла Бархатнова болаларни Россия оилаларига жойлаштириш “маънавий, алоқий ва ҳуқуқий” бурч эканини айтган.
“Бизнинг юртдошларимиз бу болаларни фарзандликка ёки васийликка олиш учун навбатда туришибди”, — дейди у.
Бир оз муддатдан сўнг херсонлик болаларнинг суратлари ўн минглаб етим рус болаларнинг маълумотлар базасида чиқарила бошлади. 22 нафар боланинг маълумотномаларида улар Қримда туғилган деб ёзилган, таваллуд топган ватани — Украина эса кўрсатилмаган.
Қрим Болалар ишлари бўйича муассаса маълумотларига кўра, ушбу болаларнинг камида икки нафари рус оилаларига жойлаштириб бўлинган.
Тhе Times “Россия Федерациясида бола асраб олиш” давлат порталида херсонлик 22 нафар боланинг анкеталарини топди.
Украина ҳукумати ҳамда қатарлик воситачилар кўмагида камида етти нафар Херсон Болалар уйи тарбияланувчилари Украинага қайтарилди. Улар орасида Анастасия ва Николай Володинлар ҳам бор эди. Уларнинг онаси шу йил февраль ойида Москвага бориб келган.
Анастасия олти ёшга тўлгандан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтгач, Украинадаги шифохонада вафот этди. Шифокор ўлимга эпилептик хуруж сабаб бўлганини айтди. Николай эса ота-оналик ҳуқуқлари масаласида суд қарори чиққунга қадар Украина давлати қарамоғига олинган.
Херсонлик бошқа болалар ҳали ҳам Россия ҳукумати назоратида қолмоқда.
Сўнгсўз ўрнида
Тhе Times журналистлари бир йил давомида Херсон Болалар уйи тарбияланувчиларининг қариндошларидан, ушбу муассаса ходимларидан, украиналик мансабдорлар ҳамда прокурорлардан, оккупация қилинган Херсонда ва Қримда Россия тарафидан тайинланган масъул шахслардан, Қримдаги болалар муассасаларининг ҳозирги ва собиқ тарбиячиларидан, қримлик маҳаллий волонтёрлардан, асраб олган ота-оналар гуруҳларининг администраторларидан, россиялик адвокатлардан, ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро юристлар ва экспертлардан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан, тарихчилар ва ҳарбий экспертлардан 100 дан ортиқ интервьюлар ёзиб олишди.
Тhе Times жамоаси Херсон Болалар уйининг 46 нафар тарбияланувчисини топиш мақсадида давлат ва ҳуқуқ муҳофазаси идораларининг маълумотлар базасидан бедарак йўқолганларнинг рўйхатларини ўрганиб чиқди ҳамда ушбу болаларнинг исмларини ва фотосуратларини аниқлашга муваффақ бўлди (Шунингдек, журналистлар баъзи анкеталарда хатоликларга йўл қўйилганини аниқлашди, Тhе Times украиналик терговчилар билан боғлангандан сўнг, мазкур хатоликлар тўғриланди). Журналистлар ушбу анкеталардан ҳамда бевосита болаларнинг тарбиячилари ва васийларидан олинган фотосуратлардан фойдаланган ҳолда, болалар 2022–2023 йиллар оралиғида қаерда бўлганини тасдиқловчи камида 10 та далилни қўлга киритишди. Тhе Times жамоаси болаларни россиялик мансабдорлар ўз Telegram-каналларида эълон қилган суратлар, рус пропаганда каналларида кўрсатилган ҳужжатли фильмлар, шунингдек, “Орзулар арчаси” номли Янги йил акциясида намойиш этилган фото ва видеолар орқали топди. Тhе Times болаларнинг суратларини жамлаб ўз архивини яратди ва маълумотларга украиналик собиқ тарбиячилар ёрдамида ойдинлик киритди. Журналистлар ушбу маълумотларга таянган ҳолда, Росссиядаги етим болалар Федерал Маълумотлар базасида сақланаётган минглаб анкеталарни таҳлил қилишди ва Херсон Болалар уйидан олиб кетилган 22 нафар болани аниқлашди. Бу болаларни россиялик васийлар ҳамда фарзанд асраб олувчиларга бериш учун ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган эди...
Тhе Times журналистлари болаларни кўчириш жараёнида қатнашган мансабдорларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида интервьюлар орқали тўпланган маълумотларни қуйидаги манбалардан олинган ахборотлар билан солиштиришди: жумладан, Россия президенти ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил администрацияси томонидан эълон қилинган қонун ҳужжатлари ва архивлар, Қрим ва Россия янгиликлар дастурлари, “ВКонтакте”, “Одноклассники” ижтимоий тармоқларида жойлаштирилган фотосуратлар, видеоматериаллар, украиналик ва россиялик давлат хизматчиларининг очиқ Telegram-каналлари, шунингдек, Россия юридик шахслар реестри... Журналистлар ўз хулосаларини херсонлик тарбиячилар ва қримлик волонтёрлар тақдим этган эксклюзив суратлар, матнли хабарлар ҳамда ишга оид ҳужжатларнинг фотонусхалари билан солиштиришди — уларнинг айримлари Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари томонидан текширилди. Бундан ташқари, рус жамиятига оид маълумотларни эълон қилувчи Telegram-ботлар ва инсонларнинг юзидан танийдиган дастурий таъминотлардан фойдаланувчи веб-сайтларнинг ахборотлари таҳлил қилинди.
Изоҳ (0)