Similarweb таҳлил компаниясининг янги ҳисоботига кўра, ChatGPT фойдаланувчилари сонининг кўпайиши ва янгиликлар сайтларига ўтишлар сонининг ортиши қидирув тизимларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш натижасида юзага келган органик трафикнинг умумий пасайишини қопламаяпти. Бу ҳақда TechCrunch хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил майда Google AI Overviews (“Сунъий интеллект шарҳи”) функцияси ишга туширилганидан бери, 2025 йил май ҳолатига кўра, учинчи томон ресурсларига ўтишга олиб келмайдиган қидирув сўровлари улуши 56 фоиздан 69 фоизгача ошган. Шу билан бирга, янгиликлар ресурсларига органик трафик ҳажми 2,3 миллиарддан ортиқ ташрифдан 1,7 миллиарддан камроққа тушган.
Шу фонда ChatGPT ичида янгиликлар материалларига қизиқишнинг кескин ўсиши қайд этилди. Тегишли сўровлар сони 2024 йил январидан 2025 йил майигача 212 фоизга ошган. Шунингдек, ChatGPT’дан сайтларга ўтишлар сони сезиларли даражада кўпайгани қайд этилмоқда. 2024 йилнинг биринчи ярмидаги 1 миллиондан 2025 йилда 25 миллиондан ортиққа етган.

ChatGPT трафигининг энг катта ўсишини қайд этган нашрлар орасида Reuters (йиллик ҳисобда +8,9%), New York Post (+7,1%) ва Business Insider (+6,5%) алоҳида ажралиб туради. Фойдаланувчилар қизиқишининг асосий йўналишлари молия, фонд бозорлари ва спорт бўлиб, таҳлилчилар сиёсат, иқтисодиёт ва об-ҳавога қизиқишнинг ҳам ортиб бораётганини таъкидламоқдалар.
“Сунъий интеллект платформаларидан фойдаланишдаги ижобий тенденцияларга қарамай, янгиликлар саноати қийинчиликларга дуч келмоқда. Google’даги кўриниш ва анъанавий СЕО усуллари ўз самарадорлигини йўқотмоқда: юқори рейтинг энди тегишли трафикни кафолатламаяпти. Кўплаб таҳририятлар мослашиш йўлларини изламоқда - пуллик кириш моделларини жорий этишдан тортиб бизнес стратегияларини қайта кўриб чиқишгача. Баъзи ҳолларда бу оммавий қисқартиришлар ёки лойиҳаларнинг ёпилиши билан кузатилмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Сўнгги олти ой ичида ChatGPT фойдаланувчилари сони икки бараварга, хизматнинг веб-версияси трафиги эса 52 фоизга ошган. OpenAI бош директори Сем Алтман июнь ойи охирида New York Times газетасининг Ҳард Форк подкастида сунъий интеллект технологиялари баъзи касблар ёки бутун иш тоифаларининг йўқолишига олиб келиши мумкинлигини тан олди.
“Менимча, баъзи соҳаларда айрим касблар йўқ бўлиб кетади, балки бутун бошли касб тоифалари ҳам йўқолиб кетар. Ҳар қандай касбнинг йўқолиши, гарчи бу жамият ва умуман иқтисодиёт учун фойдали бўлса ҳам, айни пайтда жуда оғриқли - ниҳоятда оғриқли бўлади... Кўп ҳолларда бу ҳақиқатан ҳам оғриқли кечади”, деди у.
Изоҳ (0)