Президент Шавкат Мирзиёев 1 июль куни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатда рақамли технологиялар ривожи учун яратилган кенг имкониятлар катта натижалар олиб келди. IT-парк резидентлари 2 800 дан ошди, хорижий компаниялар 752 тага етди. Бу соҳада 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топяпти.
Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди. Интернет тезлиги 7 баробар, мобил интернет эса 4,5 баробар ошди. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилди.
Буларнинг натижасида “Глобал стартаплар индекси” рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, Топ-100 таликка кирди. Ўтган йили “Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида Ўзбекистон 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича МДҲ мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
Бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, келгуси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. “Электрон ҳукумат ривожланиш индекси”да камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қатор ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Тақдимотда ушбу лойиҳалар ва таклифлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда 760 та давлат хизмати рақамлаштирилган. Ўтган йили 10 миллион фуқаро рақамли хизматлардан фойдаланган.
Давлат раҳбари энди кейинги “Рақамли ҳукумат” босқичига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Буни, энг аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳалардан бошлаш кераклиги айтилди.
Ўзбекистон президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Бу соҳада инфратузилмани яхшилашга 50 миллион доллар ажратилди. Сунъий интеллект миллий моделини яратиб, 1 миллион нафар мутахассис тайёрлаш вазифаси белгиланган.
Рақамли технологиялар вазири буни амалга ошириш босқичлари, инфратузилмани яхшилаш тадбирлари ҳақида ахборот берди.

Соҳада хизматлар ҳажми ва экспортини ошириш ҳам муҳим вазифалардан. Ҳозирда бу борадаги кўрсаткичларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Ўзбекистондаги шароит ва имтиёзлар натижасида бошқа релокантлар ҳам мамлакатга келишдан манфаат кўряпти. Шу боис ҳар бир ҳудудда жозибадор муҳит яратиб, чет эл компанияларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)