Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ёшлар билан доимий мулоқот платформасини йўлга қўйиб, мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларни бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган тизим қилса, албатта, натижа бўлишини айтди.

“Бу ишлар ‘кампаниябозлик’ бўлмаслиги, ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис қилиши зарур. Ана шунда Янги Ўзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди!”, деди президент.
Давлат раҳбари вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Маълум қилинишича, Республика бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд. Сўнгги йилларда уларга 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилди. Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари ушбу марказларга ҳам мурожаат қилиб, ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасликка, кенгайишга, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни кўпайтиришга чақирди, бунинг учун ҳар қандай шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)