Хитойда суд порахўрликда айбланаётган амалдорни ўлим жазосига ҳукм қилди, бироқ ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилди. Бу ҳақда Chinа Daily хабар берди.

Маълум қилинишича, айбланувчи ноқонуний равишда 15 миллион доллардан ортиқ маблағ олган. Гап Хунан провинцияси Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши қўмитаси раиси собиқ ўринбосари Дай Даожин ҳақида кетмоқда. Ҳукм 24 июнь куни Гуандун провинцияси Чжухай шаҳри судида эълон қилинган.
Айбланувчи Дай Даожин порахўрлик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди, ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилди, у умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилди ва барча шахсий мол-мулки мусодара қилинди, дейилади суд ҳукмида.
Бундан ташқари, мансабдор шахснинг ноқонуний йўл билан қўлга киритган мол-мулки ва ундан келадиган даромадлар давлат хазинасига топширилиши, камомад бўлган тақдирда эса яна ундирилиши лозим.
Таъкидланишича, Дай Даожин турли лавозимлардаги хизмат мавқейидан ғаразли мақсадларда фойдаланган. У тўғридан тўғри ёки қариндошлари орқали “жами 107 миллион юандан ортиқ (тахминан 14,9 миллион доллар) молиявий ва моддий бойликларни ноқонуний равишда” қабул қилган.
Хитой раиси Си Цзиньпин аввалроқ коррупцияга қарши кураш бир дақиқа ҳам тўхташи мумкин эмаслигини айтган эди. У партия коррупцияга ҳеч қачон тоқат қилмаслигини таъкидлаган. Хитойда коррупцияга оид жиноятлар бўйича суд томонидан ўлим жазоси тайинланиб, унинг ижроси икки йилга кечиктирилиши камдан кам учрайдиган ҳолат эмас. Икки йил ўтгач, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин.
Изоҳ (0)