Ўзбекистонда айрим товарларга нисбатан импорт божини икки карра ошириб қўллаш амалиётини бекор қилиш кўзда тутилган қонун Сенатда маъқулланди.

25 июнда бўлиб ўтган ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Сенаторлар қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг битимларига уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берди.
Бугунги кунда республика импортининг 32,3 фоизи эркин савдо режими ўрнатилган мамлакатлар, 61,4 фоизи энг кўп қулайлик бериш режими қўлланилаётган давлатлар ҳиссасига ва қолган 6,3 фоизи савдо режими белгиланмаган давлатлар ёки ишлаб чиқарган мамлакати аниқланмаган товарлар ҳисобига тўғри келади.
Хусусан, республикага импорт қилинаётган товарларнинг 95 фоизи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлардан, қолган 5 фоизи эса ушбу ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлардан олиб келинмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, мазкур қонун билан Божхона кодексига энг кўп қулайлик бериш режимига эга бўлмаган давлатлардан Ўзбекистонга келтирилаётган товарлар учун товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда импорт божини икки карра ошириб қўллаш амалиёти бекор қилинмоқда.
Шу билан бирга, Божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилгандан сўнг давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган божхона тўловларининг муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилмоқда.
Сенаторларнинг қайд этишича, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар билан миллий қонунчилик нормаларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш орқали ташқи савдони адолатли қоидалар асосида амалга оширишга, импорт ва экспорт кўламини кенгайтиришга эришилади.
Шунингдек, ушбу қонунда акциядорлик жамиятлари ижро органлари ҳамда кузатув кенгашлари аъзоларининг фидуциар мажбуриятларини, жамият мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш ҳисобига корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услуб ва механизмларини жорий этиш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.
Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик беришни назарда тутилмаган мамлакатларда (ҳозирда 57 давлат энг кўп қулайлик режимига эга) ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан амалдаги импорт божлари ставкаларини икки карра ошириб қўллаш амалиётини бекор қилиш назарда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан май ойида қабул қилинганди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 3 июнь куни “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш ушбу ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
ЖСТ товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк объектлари халқаро савдоси соҳасида “камситмаслик” тамойили устуворлигини таъминлашга қаратилган ташкилот ҳисобланади. Ушбу тамойил асосида аъзо давлатлар томонидан ўз савдо ҳамкорлари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчилар орасида камситишга йўл қўйилмаслиги таъминланади.
Изоҳ (0)