Хитойда тўрт нафар юқори мартабали футбол амалдорига, жумладан, Хитой футбол ассоциацияси (CFА) собиқ раҳбари Чен Cуюан ва вице-президент Ю Ҳонгченга пора олгани учун қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Global Times хабар берди.
Маълум қилинишича, CFА собиқ президенти 81 миллион юандан (11,23 миллион доллар) ортиқ пора учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, Чен Суюан бир умрга сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этилиб, барча шахсий мулки мусодара қилинган.
Суд 2010 йилдан 2023 йилгача Чен CFА президенти лавозимини суиистеъмол қилиб, турли юридик ва жисмоний шахсларга лойиҳа шартномалари, инвестиция операциялари ва тадбирларни ташкил этишда ёрдам берганини аниқлади.
Ўз хизматлари учун CFАнинг собиқ раҳбари ноқонуний равишда 81 миллион юандан ортиқ маблағ олган. Унинг хатти-ҳаракатлари порахўрликнинг ўта оғир иши сифатида баҳоланмоқда. CFАдаги раҳбарлик лавозимида ишлаган вақтида у бир қанча футбол клублари ва минтақавий футбол ассоциациялари манфаати учун ўз таъсиридан фойдаланган.
Бундан ташқари, Чен ўзининг ноқонуний даромадларини қайтариб, афсусдалигини айтган.
Хитой халқ суди CFА раҳбарининг собиқ ўринбосари Ю Ҳонгченни 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Унинг ноқонуний даромади миқдори 22,54 миллион юандан ортиқни ташкил этган. CFА бош котибининг собиқ ўринбосари Чен Юнлян 14 йилга, Хитой Суперлигаси (CSL) собиқ бош директори Дун Чжен эса 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Изоҳ (0)