8 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан инқилобчи Че Геваранинг ўлдирилиши, Кремль реконструкциясида миллионлаб доллар ўмарилгани бўйича «Mabetex иши»нинг бошланиши ҳамда Россиядан ёрдам сўраган Корея қироличасини ўлдирган японларга оид фактлар ўрин олган.
«Инқилоб отишмасиз бўлмайди!»
1967 йилнинг 8 октябрида Эрнесто (Че) Гевара — Лотин Америкаси ва кубалик инқилобчи қатл этилганди. Эрнесто Гевара (тўлиқ исми — Эрнесто Рафаэл Гевара де ла Серна) Аргентинадаги Росарио шаҳрида туғилган. Унинг отаси архитектор Эрнесто Гевара Линч, онаси — Селия де Ла Серна. Унга Мисионес провинциясидаги плантацияси мерос бўлиб қолган, аммо ёш оила ишчиларнинг аҳволини яхшилаб, бошқа плантаторларнинг ғазабига дучор бўлгач, улар Росариога кўчиб ўтган ва у ерда тўнғич фарзандини дунёга келтирган.Кейинроқ оила тоғли Кордова провинциясига кўчиб ўтган — Эрнестонинг бронхиал астмаси бўлган ва тоғ ҳавоси унга фойдали ҳисобланган. Дастлабки вақтларда болакай ҳар куни содир бўладиган хуружлардан азият чеккан, бунинг натижасида мактабга бора олмаган, аммо вақт ўтиши билан таълим олишни бошлаган ва 13 ёшида коллежга, кейинчалик Буэнос-Айрес университетининг тиббиёт факультетига ўқишга кирган.
Гевара университетда мохов касаллигини ўрганишга қизиққан ва у бутун умрини касалланган жанубий америкаликларни даволашга сарфлашни ният қилган. 1952 йилда биокимё доктори Альберто Гранадо билан Чили, Перу, Колумбия, Венесуэлани айланиб чиққан. Бир сафар Гранадо шундай деганди: «Қария, кел шу ерда қоламиз. Обрўли инклар авлодига мансуб қизга уйланаман, ўзимни император деб эълон қиламан ва Перу ҳукмдорига айланаман. Сени эса бош вазир этиб тайинлайман ва биз биргаликда ижтимоий инқилобни амалга оширамиз». Гевара бунга жавобан «Сен аҳмоқсан, инқилоб отишмасиз бўлмайди!», деган.
Сафардан кейин Геваранинг ўз олдига қўйган режалари қатъийлашган. Университетда карьера қуриш бўйича таклифларни рад этиб, камида 10 йил амалиётчи шифокор бўлишга қарор қилган. У шифокор ўзини кенг жамоатчилик ҳаётини яхшилашга бағишлаши керак деб ҳисоблаган. Гевара ўша вақтларда инқилобий воқеалар домида қолган Лотин Америкасининг кўплаб шаҳарларида шифокор бўлиб ишлаган. Гватемалада у бўлажак рафиқаси Илда Гадеа ва Фидел Кастронинг тарафдорлари билан танишган. 1954 йилда Гватемала президенти Хокабо Арбенсни ағдариш учун Гондурасдан қуролланган гуруҳ бостириб кирган. Гевара босқинда ҳаво ҳужумидан мудофаада иштирок этиб, қуролларни ташишда ёрдам кўрсатган.
У Арбенс ағдарилганидан кейин йўқ қилиниши керак бўлган «хавфли коммунистлар» рўйхатига киритилган. Аргентина элчиси Геварага мамлакатни тарк этиб, Мексикага кўчишига ёрдам берган.
Гевара ва Гадеа у ерда оила қурган, қиз фарзандли бўлишган. Айнан шу ерда оила Фидел Кастро билан танишган, Гевара Че лақабини (дўстона суҳбатда севинч ҳайқириғини қўллайдиган аргентиналикларга хос сўз) олган.
Гевара Кубада қуролли инқилобни амалга оширишга тайёрланаётган Кастро ва бошқа инқилобчиларга қўшилади. Жангчиларни тайёрлаш ишлари мамлакатнинг турли қисмларида кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда амалга оширилган, оролга етиб олиш учун эса «Granma» яхтаси харид қилинган.
Куба йўли икки ҳафта вақтни олган. Қирғоқда 82 нафар исёнчидан иборат бўлинмани 35 минг қуролланган аскар, 78 та самолёт, танклар, ҳарбий кемалар ва соҳил хизмати қайиқлари кутиб олган. Бўлинманинг ярми ҳалок бўлган, 20 нафари асирга тушган. Аммо исёнчилар деҳқонлар томонидан қўллаб-қувватланган, уларнинг Гавана томон ҳаракатланишига имконият яратиб берган. 1958 йилнинг 28 декабрь куни Санта Клара шаҳрида кураш бошланган, 31 декабрь куни шаҳар эгалланган, бир кундан кейин Инқилоб армияси Гаванага кирган. Инқилоб ғалаба қозонган, Куба халқининг ҳаётида янги босқич бошланган.
Ҳукуматда Фидел Кастродан кейинги иккинчи одамга айланган Че ўзига ишониб топширилган вилоятларда пул ва саноат ислоҳотларини ўтказиб, у ердаги ҳаётни тезда ўнглаб олган. 1959 йилда у инқилобчи Алейде Марчга уйланган. У турмуш ўртоғи билан Миср, Ҳиндистон, Япония, Индонезия, Покистон ва Югославияга борган. Сафардан қайтгач СССР билан шакар экспорти ва нефть импорти бўйича тарихий битимларни имзолаган. Бу Куба иқтисодиётининг АҚШдан мустақил бўлишига муҳим қадам эди. Кейинроқ СССРга ташриф буюрган Че социализм эришган муваффақиятдан ҳайратга тушганини айтган.
Аммо давлат амалдори лавозими Че Геварани инқилобчалик ўзига қизиқтира олмаган. 1965 йилда у барча юқори мартабали лавозимлардан, Куба фуқаролигидан воз кечган, яқинлари билан хайрлашиб, жамият ҳаётига қўшилиб кетган.
У қанчадир вақт Африкада ҳам бўлган, бироқ у ерда халқни оммавий қўзғатишни ташкил этиш амалга ошмаган. Шунда Че Лотин Америкасига йўл олган, у ерда халқ Боливияда инқилоб уюштиришга тайёрланаётган эди. Гевара Боливияда партизанлик урушларига киришган.
Аввалига Геваранинг бўлинмалари муваффақият қозонган. Ҳукумат қўшинлари устидан бир нечта ғалабаларга эришилган, боливиялик шахтачилар қуролли ҳужум ташкиллаштирган. Аммо у кескин бостирилган ва халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланмаган, Геваранинг пайдо бўлганидан қўрқувга тушган Боливия ҳукумати эса АҚШдан ёрдам сўраган.
«МРБ Че Геварачалик ҳеч кимдан қўрққан эмас, чунки у Лотин Америкаси мамлакатларидаги анъанавий ҳокимият иэрархиясининг сиёсий репрессияларига қарши курашни бошқариш учун зарур қобилият ва харизмага эга эди», — деб ёзади МРБнинг Кубадаги агенти Филип Эйжи.
1967 йилнинг октябрида махсус хизматлар яраланган Че Гевара ва унинг дўстларини топишга муваффақ бўлади. 8 октябрь куни улар яқин атрофдаги қишлоқлар учун мактаб вазифасини ўтаган бинога олиб келинади. Гевара боливиялик офицерларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортиб, фақат аскарлар билан гаплашади ва ҳатто ўзининг трубкасини олиб қўйишга уринган офицерлардан бирини уради, бошқасининг юзига тупуради.
Ўша тунни Гевара ўлдирилган дўстлари билан бирга полда ўтказади. Соат 12:30 да юқори қўмондонликда топшириқ келиб тушган — «Сениор Геварани йўқ қилишга киришилсин». Қатлдан олдин боливиялик аскарлар Геварани яна бир бор сўроқ қилиб, қолган исёнчилар маконини аниқлашга уринади, аммо у ҳеч қандай жавоб қайтармайди.
«Мени ўлдиргани келганингни биламан. От. Бу ишни бажар. От мени, қўрқоқ! Сен фақат битта одамни ўлдирасан!», — дейди Гевара жаллод вазифасини бажарган сержантга. У Геварага тўққизта ўқ узган — аввалига қўл ва оёқларига, кейин эса кўкрагига. У маҳаллий вақт билан соат 13:10 да вафот этган.
Душманларнинг ўлган Чедан ҳам қўрқуви шу қадар катта бўлганидан, у отиб ўлдирилган уй ер билан битта қилинган ва Гевара кўмилган жой сир сақланган. 1997 йилнинг июнида Аргентина ва Куба олимлари афсонавий командантенинг қолдиқларини топиш ва танишга муваффақ бўлган. У Кубага кўчирилиб, 1997 йилнинг 17 октябрида Санта Клара шаҳридаги мавзолейга ҳурмат-эҳтиром билан кўмилган.
Россиядан ёрдам сўраган Корея қироличасининг ўлдирилиши
1895 йилнинг 8 октябрь куни Чосоннинг 26-императори Кожоннинг рафиқаси, кенг таъсир доирасига эга қиролича Мин ўлдирилган эди. Япон дипломатларининг қироличани ўлдирилишига алоқадорлиги бўйича далиллар улардан бири ўз ватанига юборган мактубда топилган.Япониялик дипломат Кумаити Хоригутининг яқинда топилган мактубида шундай сўзлар бор: «Биз қироличани ўлдирдик». Шундан кейин у қотилликка боғлиқ жараённи батафсил изоҳлаган. Мазкур жиноятда япониялик офицерлар, дипломат ва оддий фуқаролар иштирок этган.
Бир гуруҳ шахслар Сеулдаги Кенбоккун қироллик саройига 1895 йил 8 октябрь тонгида ҳужум уюштириб, қироличани қиличдан ўтказган. Уни ўлдириб бўлгач, устидан мой сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлишган.
Қотиллик қиролича Россиядан Кореяда япон таъсирини бартараф этиш бўйича ёрдам сўраганидан кейин содир этилган. Бу Россия, Германия ва Франциянинг Шимоносеки шартномаси шартларига мувофиқ дипломатик аралашуви эди.
Япония Биринчи хитой-япон урушидаги ғалабадан кейин Син сулоласи билан битим имзолаган. Бироқ Россиянинг дипломатик аралашуви Японияни Ляодун яриморолини Син сулоласига қайтаришга мажбур этиб, мамлакатнинг Кореядаги таъсирини кучсизлантирган.
Кореядаги консулнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Кумаита Хоригути томонидан ёзилган саккизта мактуб топилган. У мазкур хатларни Накадоридаги яқин дўсти, Хитой классикаси ишқибози бўлган Тейсе Такеисига йўллаган. Хатларга 1894 йил 17 ноябрдан 1895 йил 18 октябргача бўлган саналар қўйилган.
Нагоядаги маркалар бўйича эксперт Стив Хасегава ушбу мактубларни ноёб буюмлар сотиладиган бозордан харид қилган. «Корея қироличасининг ўлдирилиши ва японлар» китобининг муаллифи, тарихчи Ким Мун Жа мактубларни таҳлил қилган. Саккизта мактубнинг олтинчисига 1895 йил 9 октябрь санаси туширилган бўлиб, унда Хоригути қотиллик кунида нималар қилганини батафсил сўзлаган.
Унинг ёзишича, ҳужум уюштирганлар гуруҳи саройнинг ғарбий қисмини эгаллаб, қироличани ўлдирган. «Қотиллар орасида менинг ролим киришдан иборат эди. Деворга чиқдим… Қироллик қароргоҳининг ғарбий қисмига чиқиб бориб, қироличани ўлдирдик», — дейилади мактубда.
У ҳатто жиноятдан кейин нимани ҳис қилганини ҳам ёзган: «Қотиллик кутилмаган даражада осон бўлиб чиққанидан ҳайратда эдик».
«Mabetex иши» — замонавий Россиядаги энг шов-шувли коррупция можароларидан бири
24 йил олдин «Mabetex иши» номини олган шов-шувли коррупция можароси содир бўлганди. Унда Швейцариянинг Mabetex Engineering қурилиш компанияси, унинг Merceta Trading & Engineering SА шўъба корхонаси ва Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин атрофидагилар айбланган. Иш ҳужжатлари давоми давлат амалдорлари пора эвазига мазкур компанияларга Кремлни реставрация қилиш бўйича манфаатли шартномани тақдим этгани маълум бўлган. Тергов билан Россия, Швейцария ва Италия прокурорлари ҳамда терговчилари шуғулланган. 1998 йилнинг 8 октябрь куни Россия бош прокурорининг кўрсатмасига биноан президент Ишлар бошқармаси бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.Можаро нимадан бошланган эди?
Барчаси 1998 йилнинг баҳорида Швейцариянинг Banco del Gottardo банки маслаҳатчиси Филипп Туровер реставрация ишларидан кейин Кремлни қабул қилиб олган комиссия бошлиғи Россия президентнинг ишлар бошқарувчиси Павел Бородинга қарши кўрсатма берган. Хусусан, Швейцария бош прокурори Карл дел Понте билан суҳбатда у Россия президенти Ишлар бошқармаси амалдорлари Mabetex фирмаси билан шартнома имзолашда ўз мансабларини суиистеъмол қилганини билдирган. Понте Москвага келиб, Россиянинг ўша вақтдаги бош прокурори Юрий Скуратов билан учрашган ва унга Туровернинг кўрсатмалари ҳақида айтган.
Иш нимадан иборат эди?
Туровернинг Швейцария прокуратурасига берган кўрсатмасида таъкидланишича, Mabetex ва Мерcата фирмалари вакиллари Россиянинг қатор фуқаролари, жумладан, Россия президентининг ишлар бошқармаси бошлиғи Павел Бородиннинг ҳисоб рақамига 60 миллион долларга яқин маблағ ўтказиб берган. Шунингдек, у ўтказилган маблағлар фирмаларга Кремлни реконструкция қилиш бўйича фойдали шартномаларни қўлга киритиш учун «комиссия пули» эканини маълум қилган.
1998 йилнинг октябрида Скуратов Москвада Туровер билан учрашувидан кейин ўз маслаҳатчисига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича жиноят иши қўзғатишни топширган. Иш тергови давомида Кремль биносидаги реставрация ишларининг сметаси 30-60 фоизга ошириб кўрсатилгани аниқланган. Бородин ва унинг ўринбосари мазкур ишда асосий гумонланувчига айланган. Шунингдек, Mabetex офисида, кейинроқ эса Россия президентининг Ишлар бошқармасида тинтув ўтказилган. Mabetex раҳбари Бехжет Пацоллини шахсан Карло дел Понте сўроқ қилган.
Борис Ельциннинг можарога муносабати
1999 йилнинг 2 апрелда Россия президенти Борис Ельцин Скуратовни «ўзига қарши қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов вақтида» деган жумла билан Россия бош прокурори лавозимидан озод қилади (Бородин 2000 йилнинг январида бошқа ишга ўтказилади). Терговни Россия бош прокуратураси ўта муҳим ишлар бўйича тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Георгий Чуглазов давом эттиради. Унинг кўрсатмаси билан Бош прокуратура Москва вилояти бошқаруви органларига Бородин, унинг рафиқаси, ёш болалари, қизи Екатерина Силеская ва куёви Андрей Силескийнинг кўчмас мулклари бўйича сўров юборади.
2000 йилнинг июнида Швейцариянинг ўша вақтдаги суд терговчиси Дэниэл Дево Пацоллига нисбатан 4 миллион долларни «ювиш» айбловини эълон қилади. Айблов матнига кўра, Пацолли Россияда имзоланган шартномалар бўйича ноқонуний фойда кўришни мақсад қилган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида келтирилган. Ўша ойда мазкур фирмалар орқали 65 миллион доллар «ювилгани» аниқланган. Швейцарияда «пул ювиш» иши бўйича жами 14 кишига, жумладан, Бородин, унинг қизи ва куёви, шунингдек, Мерcата фирмаси раҳбари Виктор Столповскихга нисбатан тергов олиб борилади.
Швейцария прокуратурасининг ҳаракати
Терговга Швейцария прокуратураси ҳам қўшилган. 1999 йилнинг 15 июль куни Женева прокурори томонидан Бородинга нисбатан ноқонуний қўлга киритилган пулларни «ювиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, матбуотга Швейцария прокуратураси Бородин ва унинг рафиқасини ҳисоб рақамларига ҳибс қўйилгани маълум қилинган.
Мазкур иш жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. ОАВлар Mabetex фирмаси томонидан Швейцарияда Борис Ельцин ва унинг икки қизи номига ҳисоб рақамлар очилганини ёза бошлаган. Merceta ва Mabetex фирмалари билан ҳисоб-китобларни Россия молия вазирининг биринчи ўринбосари Михаил Касяновнинг шахсан ўзи тайёрлагани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлган.
Бородиннинг Швейцарияга экстрадицияси
2001 йилнинг январида Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатлари бош котиби бўлган Бородин АҚШ президенти Жорж Бушнинг инаугурациясига келишга таклифнома олади. Бироқ АҚШ элчихонаси вақт камлиги сабаб унинг дипломатик паспортига виза босишдан бош тортади. Шу сабабли у АҚШга олдинроқ виза урилган фуқаролик паспорти билан учишга мажбур бўлади. Нью-Йоркка етиб келиши билан россиялик амалдорни ФҚБ Швейцария ҳукуматининг сўровига кўра ҳибсга олади. Март ойида Бородин Америка судидан гаров эвазига қўйиб юборишларини сўрайди, аммо унга рад жавобини беришади. Россия Бош прокуратурасининг швейсариялик ҳамкасбларига йўллаган хати ҳам ёрдам бермайди.
2001 йилнинг апрель бошида Бородин Швейцарияга экстрадиция қилинади. У Женевадаги қамоқхонага жойлаштирилган. У ноқонуний орттирилган пулларни «ювиш»да айбланган. Бородин барча айбловларни тўлиқ рад этган.
Италия прокуратурасининг тергови
Шов-шувли иш терговига 2003 йилда Италия прокуратураси ҳам келиб қўшилади. Улар Виго-ди-Фаса шаҳрида жойлашган Raiffeise банк бўлинмаси орқали амалга оширилган пул ўтказмасини аниқлайди. Ушбу ҳисоб рақам «Росворужение» компанияси собиқ раҳбарининг рафиқаси Олга Аннаевга тегишли бўлган.
2005 йилда Тренто шаҳри прокуратураси саккиз нафар Россия фуқаросини, жумладан, Аннаевани, Россия Давлат божхона қўмитаси собиқ раҳбари Анатолий Кругловнинг қариндошлари ҳибсга олишга ордер берган. Тренто шаҳри прокурори Аннаевни Raiffeise ҳисобига келиб тушган 2,7 миллион долларни ювишда айблаган. Италиялик терговчилар гумонланувчилар Кремлни реконструкция қилиш шартномалари учун жами 62 миллион доллардан ортиқ порани қўлга киритганини аниқлаган.
2001 йилнинг апрелида Бородин 5 миллион Швейцария франки эвазига озод этилади ва Россияга жўнаб кетади. Ўша ойнинг ўзида унга қўйилган айбловлар олиб ташланган. 2001 йилда Бородин сўроқ учун бир неча бор Швейцарияга келиб-кетган.
Салкам бир йилдан кейин Стопловских, Пацолли ва Бородинга нисбатан жиноят иши тўхтатилган. Бородин 300 минг Швейцария франки миқдорида жаримага тортилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)