Қирғизистоннинг ҳокимятдан ағдарилган биринчи президенти Асқар Акаев 2 август куни мамлакатга қайтди. У 16 йил аввал, «лолалар инқилоби» туфайли мамлакатдан қочиб кетганди. Акаевни аэропортда хавфсизлик ходимлари кутиб олди ва «Қумтор» иши бўйича сўроқ қилиш учун Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасига олиб кетди, Акаев у ердан кечга яқин чиқди. Мамлакатда бўлган вақт давомида Акаев Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва бошқа расмийлар билан учрашишга, шунингдек, Чон-Кеминдаги кичик ватанига ташриф буюришга муваффақ бўлди. 8 август куни Акаев яна Москвага учиб кетгани маълум бўлди, лекин ундан олдин у ўз ватанига қайтишни хоҳлаши ҳақида айтган.
Акаевнинг келиши жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи сиёсатчилар у 15 йиллик ҳукмронлиги даврида қилган жиноятларини унутмасликка чақирди. Kloop Асқар Акаев президентлиги йилларидаги асосий воқеалар ва унинг ҳокимиятдан ағдарилиши сабабларига оид маълумотларни тўплади.
Конституцияни ўз фойдасига ўзгартириш
Биринчи сайловлар ва Конституцияга ўзгартиришлар
Қирғизистон Республикаси Олий кенгаши 1991 йил 31 августда Қирғизистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. Ўша йилнинг 12 октябрида янги суверен давлатда биринчи президент сайловлари бўлиб ўтди. Акаев деярли бир йилдан буён Қирғизистон ССРни бошқариб келгани ва энди ўз мақомини тасдиқлаши зарурлиги боис сайловлар рақобатсиз ўтди. Сайлов бюллетенида фақат Акаевнинг исми билан унинг президент этиб сайланишини тасдиқлаш тўғрисида савол бор эди, саволга иккита жавоб келтирилган — розилик ёки қаршилик. Натижада овоз беришга келганларнинг 95,3 фоизи Акаевга овоз берган.
1993 йил 5 майда Қирғизистонда асосий қонун — мамлакат Конституцияси қабул қилинди. Мустақилликнинг 30 йили давомида у ўн марта ўзгарди. Деярли ҳар бир ўзгариш президент манфаатини кўзлаб амалга оширилди ва бу тузатишлар фуқаролар манфаати учун зарур экани билан изоҳланди.
Акаев ҳам мамлакатнинг асосий қонунини ўзгартирган. Унинг 15 йиллик ҳукмронлиги даврида Конституция 5 марта таҳрир қилинган. Ўзгаришлар, асосан президент ваколатларини кучайтиришни кўзлаган. 2003 йилда, асосий қонуннинг охирги таҳриридан сўнг, Акаев ҳокимиятни ўзлаштириб олишда айблана бошлади.
Биринчи марта Конституция 1994 йил 22 октябрда ўзгартирилган – ўшанда мамлакатнинг асосий қонунида бундан кейин ўзгартиришлар ва янги қонунлар референдумда муҳокамага қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Бундан ташқари, қонунлар икки палатали Юқори Кенгаш томонидан яратилиши белгиланди.
Такрорий сайловлар ва Конституциянинг таҳрирланиши
1995 йилда Қирғизистонда муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилди, ваҳоланки сайловларга ҳали 8 ой вақт бор эди. «Ўшанда мухолифатнинг маълум қилишича, Акаев сайловларга тайёргарлик кўришга улгурмаган рақибларини руҳий тушкунликка тушириш мақсадида муддатидан олдин сайлов ўтказишга киришган», — деб ёзади «AКИpress» нашри.
Марказий сайлов комиссияси (МСК) имзо тўплаш қоидаларини кутилмаган тарзда ўзгартириб юборгани сабабли айрим номзодлар сайловда қатнаша олмади. Шу билан бирга, баъзи номзодлар имзоларни аллақачон йиғиб олганди, улар янги қоидаларга мувофиқ тарзда қайтадан имзо йиғишга улгурмаган.
Натижада, сайловларга атиги уч кишининг, жумладан Акаевнинг номзоди қўйилди. У сайловнинг биринчи босқичида 71,5 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонди.
Лавозимига қайтадан киришганидан кейин Акаев 1996 йилнинг февраль ойида яна Конституцияга ўзгартириш киритди. Ушбу ўзгартиришлар орқали ҳукумат, аслини олиб қараганда, президент назоратига ўтди. Парламент бутун ҳукуматни истеъфога чиқара олмасди, лекин бош вазирга ишончсизлик эълон қилиши мумкин эди. Агар бош вазир истеъфога чиқса, ҳукумат аъзолари ҳам кетарди.
Қирғизистон президенти вазирлар ва маҳаллий маъмурият раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди. Президентнинг ваколатлари кучайтирилди ва парламент унинг қарорларига деярли таъсир ўтказа олмасди, Шунга қарамай у президентни ҳокимиятдан четлатиш масаласини кўриб чиқиши мумкин эди. Президент эса, ўз навбатида, парламентни тарқатиб юбора оларди.
Акаевнинг учинчи муддати ва Конституцияга ўзгартиришлар
2000 йил октябрь ойида Қирғизистонда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтди. Конституция сайловларда фақат икки марта қатнашишга рухсат беришига қарамай, Акаев барибир ўз номзодини илгари сурди.
«Мухолифат МСКнинг Асқар Акаевни учинчи марта номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги қарори ноқонуний экани ва дарҳол бекор қилиниши кераклигини, президент ўз ваколатларини суиистеъмол қилаётганини билдирди», — деб ёзади «AКИpress».
Ўша пайтда лингвистик комиссия тузилди ва президентликка номзодларнинг ҳаммаси қирғиз тилини билиш бўйича имтиҳон топшириши мажбурий қилинди. Бу можарога сабаб бўлди — баъзи номзодлар комиссия тузилишини ноқонуний деб ҳисоблаб, унинг суд орқали бекор қилинишига эришмоқчи бўлди, аммо муваффақиятсизликка учради.
Президент сайловига ҳаммаси бўлиб 7 та номзод қўйилди, улар орасида Асқар Акаев ҳам бор эди.
«Сайлов кампанияси давомида Акаев штаби ҳамма жойда маъмурий ресурслардан ва ОАВдаги ахборот монополиясидан фойдаланган. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ва Россия президенти Владимир Путин Бишкекка ташрифи чоғида амалдаги президентни қўллаб-қувватлаган», — деб ёзади «AКИpress».
Ўшанда Асқар Акаев яна ғалаба қозонди, сайловга келган сайловчиларнинг 74,4 фоизи унга овоз берди.
Орадан уч йил ўтиб, февраль ойида Қирғизистон Конституциясига яна ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартиришлар кенг кўламли эди — улар давлатнинг ўзига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, президент ҳокимиятига, депутатларнинг ваколатларига, прокуратура ва судларга тегишли эди.
Аммо асосий ўзгариш шунда эдики, президент кетма-кет икки мартадан кўпроқ сайланиши мумкин бўлди, натижада Асқар Акаев ўз номзодини яна бир президентлик муддатига кўрсатиш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Ўзгартиришларга кўра, президент ҳукумат тузилмасини белгиларди, бош вазирни тайинларди, шунингдек, Миллий хавфсизлик хизматини тайинлаши ёки тугатиши мумкин эди. Бундан ташқари бош прокурор, судьялар ва Миллий банк раҳбарини тайинлаш президентга боғлиқ эди.
Ахси воқеалари
2002 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Ахси тумани, Боспиек қишлоғи аҳолиси мамлакат ҳудудининг бир қисми Хитойга берилишига қаршилик билдириб, намойишга чиқди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари намойишчиларга қарши қурол ишлатиб, олти кишини ўлдирди.
Мустақил Қирғизистон тарихида Аксий воқеалари — ҳукумат қуролсиз фуқароларга қарши ўт очган биринчи воқеа бўлди.
Диққат! Видеода намойиш иштирокчилари ўққа тутилган саҳналар мавжуд.
Тартибсизликнинг бевосита сабаби Ахси фуқароси, депутат Азимбек Бекназаровнинг расмийлар томонидан ҳибсга олиниши эди. Ўшанда у президент Акаевни Хитой билан мамлакатлар ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш ҳақидаги келишувни танқид қилган. Сиёсатчи Қирғизистон Узонгу-Кууш дарасидаги участкани Хитойга ўтказа олмайди, деб ҳисоблаган ва Акаевга импичмент эълон қилишни таклиф қилган.
Икки давлат ўртасида имзоланган шартномага кўра, чегараларни аниқлаштириш пайтида Узонгу-Кууш дарасининг 30 фоизи Хитойга ўтган, 70 фоизи Қирғизистонда қолган. 2002 йилда шартнома ратификация қилинди. Ўшанда Қирғизистонда бу ҳужжат салбий қабул қилинди, фуқаролар ерни Хитойга беришга қарши чиқди, чунки қирғиз фуқаролари Узонгу-Куушни узоқ йиллардан буён ўз ҳудуди деб биларди.
Хитой билан давлат чегарасининг узунлиги 1071,8 километрни ташкил қилади. Делимитация бўйича музокаралар 2004 йилда якунланди. Узонгу-Кууш дараси Иссиқкўл вилоятининг 2800 гектардан ортиқ тоғли ҳудудини эгаллайди. Дарада экин экадиган ер йўқ, лекин бу ердан чорвадорлар фойдаланади.
Кейинчалик, ўша пайтдаги президент маъмуриятининг раҳбари Аманбек Карипқулов телефон орқали милицияга ўқ отишни буюргани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади.
Аммо 2005 йилги инқилобдан кейин бош прокурор бўлган Азимбек Бекназаровнинг сўзларига кўра, «Тўфон» (оммавий тартибсизликларни бостириш) ва «Бўрон» (маъмурий биноларни ҳимоя қилиш) операцияларини қўллаш тўғрисидаги ҳужжатларга ўша пайтдаги бош вазир Қурманбек Бакиев имзо чеккан.
2000 йилдан 2002 йилгача Қурманбек Бакиев бош вазир бўлган. Ахси воқеаларидан кейин у ва унинг ҳукумати истеъфога чиқди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг сўзларига кўра, ўшанда расмийларда «ахсиликларнинг қуроллари бор ва улар ҳокимиятни қўлга олмоқчи» деган нотўғри маълумотлар бўлган.
«Мен охирги марта бу материалларни 2014 йилда ўрганганман ва 5 йил давомида бу маълумотни тарқатмаслигим тўғрисидаги тилхатга имзо чекканман. Аммо бу муддат аллақачон тугаган, ҳозир буларни гапириб бероламан. Маълум бўлишича, ўшанда махсус хизматлар ҳукуматга ‘ахсиликларнинг қуроллари бор, улар ҳокимиятни қўлга олишга уринмоқда’ деган нотўғри маълумотлар етказган. Бу маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳақиқийлиги эса текширилмаган. Яна бир видеоёзувда юзи кўрсатилмаган одам шундай даъво қилади: ‘Одамларнинг қуроллари бор, улар фалон куни намойишга чиқади’. Шу каби маълумотлар асосида одамларга қарата ўт очилган», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
2021 йилда Акаев ўзига нисбатан у Узонгу-Куушни хитойикларга сотгани ҳақидаги айбловни яна бир бор рад этди. «Ахси воқеалари. Бу фожиа менинг ҳукмронлигим даврида содир бўлгани кўнглимни хира қилади. Бунинг учун мен қирғиз халқидан кечирим сўраганман ва доим сўрайман», — дейилади унинг баёнотида.
«Қумтор» бўйича келишув
Қирғизистондаги йирик олтин кони Қумторни қазиш бўйича келишув Акаев президентлиги даврида имзоланган эди. Ўшанда Қирғизистон ҳукумати уран қазиб олиш билан шуғулланадиган Канаданинг «Камеко» корпорацияси билан келишган.
Тадбиркор Борис Бирштейн раҳбарлигидаги «Сиабеко» компаниясининг воситачилигида «Камеко» конни қазиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кейинчалик сиёсатчи Осмонакун Ибрайимов «Қирғизистоннинг маъшум олтинлари» мақоласида тадбиркорни «халқаро миқёсдаги фирибгар» деб атаган.
1992 йилда Қирғизистон ҳукумати ва «Камеко» Қумтор конини қазиш тўғрисида шартнома тузди ва «Қумторзолото» лойиҳасини яратди. Бироқ ўша пайтдаги парламент Канада корпорацияси билан тузилган битимга қарши эди.
«Биз буни обдон тушуниб етганимиздан сўнг, Акаевга шошилмаслик кераклигини айтдик. Биз бу майдонда фақат Канада компанияси бўлмаслиги учун тендер эълон қилишни таклиф қилдик. Бошқа, масалан, Россия ёки Қозоғистон компаниясини танлаш мумкинлигини таклиф қилдик. Акаев буни қатъиян рад этди ва қарор қабул қилишга шошилди. Бу шартлар Қирғизистон фойдасига эмаслиги, кимлардир Қумтор ҳисобидан бойиш истагида экани аниқ эди, шунинг учун биз норози эдик. Аммо Акаев ўз фармонлари билан иш кўра бошлади ва «Камеко»ни тарғиб қилди, 1994 йилда эса янада кўпроқ ҳокимятга эга бўлиш учун сунъий равишда парламентнинг ўз-ўзини тарқатиб юбориши ташаббуси билан чиқди», — деб эслайди «афсонавий» парламент депутати Жамин Акималиев.
Биринчи келишувга кўра, конни қазиш учун «Қумтор оперейтинг компани» ташкил этилган. Қирғизистон «Қирғизалтин» давлат корхонаси орқали компаниянинг улушига эгалик қилган.
Дастлабки келишувга кўра, Қирғизистон «Қирғизалтин» орқали акцияларнинг деярли 66,67 фоизига, «Камеко» эса 33,33 фоизига эгалик қилган.
Бундан ташқари, «Камеко» ва унга алоқадор компаниялардан, шунингдек, хорижий пудратчиларнинг вакилларидан 2003 йилгача солиқ ва йиғим олинмаган (ер ижараси бундан мустасно).
2003 йилда Канада корпорацияси Centerra Gold Inc.ни ташкил этишни, «Қумтор Gold Kompani»ни ва «Камеко»нинг барча активларини унга ўтказишни, кейин улушни бўлишишни таклиф қилди.
Қирғиз ҳукумати ҳам бунга рози бўлди. Натижада, қайта структуралашдан сўнг, «Қирғизалтин» вакили сифатида республика Centerra акцияларининг 33 фоизига, «Камеко» эса 67 фоизига эга бўлди.
Орадан 10 йил ўтиб, Қирғизистон расмийлари бу шартномани «энг номақбул» деб атади ва уни имзолаш билан «Қирғизистон томони ‘Қумтор’ лойиҳасини бошқариш бўйича ўз ҳуқуқини сезиларли даражада чеклаб қўйганини» таъкидлади.
Ҳозирги иқтисодиёт вазири Оқилбек Жапаров бошчилигидаги Қумтор фаолиятини ўрганиш бўйича 2021 йилги давлат комиссияси маълумотларига кўра, 2003 йилда Centerra Gold’ни яратиш учун «Камеко» Акаевлар оиласига катта пора берган — Торонто фонд биржасидаги пул ва акцияларни ҳадя қилган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, биргина Айдар Акаев (Асқар Акаевнинг ўғли)га алоқадор компанияларга камида 55,2 миллион доллар ўтказилган. У 2001 йилда Канаданинг «Камеко» компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган.
2004 йилда Centerra Gold Inc. Торонто фонд биржасига чиқиб, IPO (Initial public offering — фонд биржасида акцияларнинг бирламчи оммавий жойлаштирилиши) ўтказди. Ўшанда Канада компаниясидаги Қирғизистон акцияларининг улуши яна камайди. Мамлакат ҳукумати акцияларнинг 17 фоизини 84 миллион долларга сотди. Асқар Акаевнинг айтишича, бу маблағ аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш учун махсус фондга ўтказилган.
Акаев бошқа юқори мартабали амалдорлар қаторида «Қумтор» лойиҳаси бўйича битим тузишда коррупция ишига алоқадор шахс. 2 август куни МХДҚ сўроқларидан ўтгандан сўнг, Акаев «Қумтор» ишида ёрдам бериш учун мамлакатга қайтиб келганини айтди.
Қирғизистонни тарк этар экан, у «Қумтор» лойиҳаси бўйича «қилинган хатолар ва қирғиз халқининг умидларини оқламагани учун» кечирим сўради. Бироқ у ўзи ва оиласида «Қумтор» лойиҳасининг олтинлари ва акциялари борлиги ҳақидаги маълумотни рад этди.
«Афсуски, ҳаммаси биз хоҳлагандек бўлмади. Бош келишув имзоланган кундан бошлаб, қирғиз томони кўп марта ён босди, шу жумладан, Канада манфаатларига мос тарзда, аммо миллий манфаатларга зид бўлган қонун бузилишларига йўл қўйди», — деди Асқар Акаев.
У мисол тариқасида 1992 йил «ҳукумат ноқонуний равишда ‘Камекў корпорациясини солиқлардан, шу жумладан табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлардан озод қилгани», «Қумтор» лойиҳаси бошқарувини Канада томонга ўтказгани кабиларни келтирди.
Акаевнинг тан олишича, «бу жиноий хато биргина ҳукуматники эмас».
«Давлат раҳбари сифатида бу менинг ҳам хатоим, чунки мен ҳукуматга кўр – кўрона ишониб, ‘Қумтор’ лойиҳаси бўйича қарорлар қабул қилдим. Менинг энг катта хатоим Қирғизистон ҳукуматига 2003 йилда ‘Қумтор’ лойиҳасини қайта структуралашга розилик бериш бўлди», —дейди Акаев.
Унинг қўшимча қилишича, «ўша пайтда ҳукумат уни шундай қилиш зарурлигига ишонтирган».
«Ҳукумат устидан тегишлича назорат қила олмаганим канадалик сармоядорларга конни тўлиқ назорат қилиш имконини бериб қўйди», — дея хулоса қилди Асқар Акаев.
Уруғ-аймоқ билан бошқариш
Акаев Қирғизистондан қочиб кетганидан сўнг, турли ОАВ ва блоггерларга бир неча бор интервью берган. Интервьюларида у оила аъзолари ҳеч қачон сиёсатга аралашмаганини таъкидлаган. «Менинг оилам давлат ишларига аралашмаган. Аксинча, уларнинг ҳар бири давлатнинг шаклланишига ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилган. Ҳақиқий оилавий бошқарувни Қурманбек Бакиев жорий этди», — деди у 2021 йил 28 апрелда.
Аммо ўша йилларда Асқар Акаевнинг болалари — Айдар ва Бермет, шунингдек, президентнинг рафиқаси Майрам Акаева катта таъсирга эга бўлган. 2000 йилда президентнинг рафиқаси Қирғизистон Аёллар партиясини бошқарган, ўшанда партия парламентга ўтган эди. Шунингдек, у «Meerim» халқаро хайрия фондини бошқарган.
2019 йилда бош прокуратура фонд фаолияти туфайли 30 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. Назорат қилувчи органга кўра, фонднинг ҳаракатлари давлатга 64 миллион сом миқдорида зарар етказган, ўнлаб бинолар ва бошқа мулклар давлат тасарруфига қайтарилган.
Акаевнинг қизи Бермет ҳукуматни қўллаб-қувватловчи «Олға, Қирғизистон!» партияси асосчиси деб аталарди. У Қозоғистон фуқароси Одил Тойгонбоевга турмушга чиққан эди.
Акаев даврида Тойгонбоев «Манас» аэропортидаги авиаташувчиларга ёқилғи етказиб берадиган Aalam Services компаниясини бошқарган. Тергов маълумотларига кўра, олти йил давомида — 1999 йилдан 2005- йилгача у оффшор компаниялар орқали умумий қиймати 677 миллион сомдан ошиқ даромадни яширган.
2005 йилда ҳукумат алмашганидан сўнг, унга «Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш йўли билан фирибгарлик», «Ўғирлик» ва «Тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахслари томонидан солиқ ва мажбурий суғурта бадалларини тўлашдан бўйин товлаш» моддалари бўйича айблов эълон қилинди. Бишкекнинг Первомайский туман суди 2017 йилда Тойгонбоевни сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум этиб, унга «Манас» аэропортига қарийб 10 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклади.
Отасининг президентлиги даврида Айдар Акаев медиа кишиси бўлган ва фаол ижтимоий ҳаёт кечирган. Асқар Акаевнинг қолган уч фарзандига қараганда, Айдар тез -тез ОАВ диққат марказида бўлган. ОАВ унинг ресторанларга ташрифларини тез -тез ёритиб турарди.
1998 йилда Айдар Акаев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизига уйланди. Ўшанда тўй бирйўла «сулолавий тўй» деб номланди. Бироқ никоҳ узоқ давом этмади, 2001- йилда улар ажрашишди.
«Айдар бизнес билан шуғулланарди. ОАВ уни мамлакатдаги кўплаб бизнес лойиҳалари билан боғлар, шу билан бирга бу фақат отасининг кучи туфайли амалга ошганига ишора қиларди», — деб ёзади «AКИpress».
1998 йилда Айдар Акаев «Казкоммерсбанк» ОАЖнинг Қирғизистондаги ваколатхонасини бошқарган. Нашр маълумотларига кўра, у Нурбек Турдуқулов билан биргаликда «Бител» уяли алоқа компаниясининг яратилишига бош бўлиб турган.
2001 йилда 25 ёшли Айдар Акаев аллақачон молия вазирининг маслаҳатчиси эди, шунингдек, Канададаги «Камеко» компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган.
2004 йилда у опаси Бермет билан бирга ҳукуматпараст «Олға, Қирғизистон!» партиясига қўшилди. Ўша йили Айдар Акаев кутилмаганда Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланди.
2005 йилдаги инқилобдан кейин Айдар Акаевга қарши 4 та жиноий иш қўзғатилди, у етказган зарар 3 миллион долларга баҳоланди. Шунингдек, бош прокуратура яна 11 та жиноий ишда «унинг айбига бевосита ва билвосита далиллари» борлигини маълум қилди.
Инқилобдан кейин Айдар Акаев ўз интервьюсида мамлакат раҳбарининг болалари тадбиркорлик билан шуғулланиши тўғрими, деган саволга жавоб берган.
«Мен бундай бўлмаган МДҲ давлатларидан бирортасини билмайман. Ҳамма жойда раҳбарларнинг қариндошлари иложи борича тижорат билан шуғулланади. Бу нормал ҳолат. Бунинг мамлакат иқтисодиётига зарар етказиши ёки етказмаслиги, бошқа масала », — деганди у.
2020 йил 6 февралда Айдар Акаев вафот этгани маълум бўлди. Россия матбуоти «Рубльэвка»даги уйидан Акаевнинг жасади топилгани ҳақида ёзди.
Кейинчалик Акаевларнинг оилавий адвокати Икромиддин Айтқуловнинг айтишича, у 44 ёшга тўлишига атиги икки ҳафта қолганида юрак хасталиги туфайли вафот этган. Бироқ, ОАВ Айдар Акаевнинг ўлимига спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалардан заҳарланиш сабаб бўлганини ёзди.
«Лолалар инқилоби»
2005 йилги инқилобга олиб келган асосий катализатор парламент сайловлари эди. Сайлов олдидан ҳукумат мухолифат номзодларини, жумладан, «Ота юрт» мухолифат ҳаракатининг раҳбари бўлган Роза Отунбаеванинг номзодини тақиқлаб қўйди. У 1 -сонли Университет сайлов округидан номзод қилиб кўрсатилганди. Айнан шу округ орқали бошқа номзод — Асқар Акаевнинг қизи Бермет Акаева сайланди.
Парламент сайловларининг биринчи босқичи 2005 йилнинг 27 февралида, иккинчиси эса 13 мартида бўлиб ўтди. Парламент сайловлари натижасида «Олға, Қирғизистон!» энг кўп овоз тўплади. Президент Акаевнинг фарзандлари Айдар ва Бермет ҳам парламентга кирди.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Парламентидан келган европалик кузатувчилар сайловни «халқаро стандартларга зид» деб тан олди. Улар президентнинг сайловчиларга босим ўтказишга уринишларига ишора қилиб, овозларни сотиб олиш кенг тарқалганини таъкидлади. Мухолифат ҳам қонунбузарликлар ҳақида хабар берган.
Акаев ҳокимиятининг мустаҳкамланишига олиб келган Конституциянинг доимий ўзгариши, коррупция, уруғ-аймоқчилик бошқаруви охир-оқибат оммавий тартибсизликлар бошланишига сабаб бўлди. Дастлаб, улар мамлакат жанубидан бошланди, кейин бошқа ҳудудларга тарқалди.
24 март куни Бишкекда ҳам оммавий намойишлар бошланди. 30 мингга яқин фуқаролар пойтахт четига йиғилиб, Оқ уй томон ҳаракатланди.
Намойишчилар майдонга келиб, «Акаев, йўқол!» дея бақира бошлади. Мухолифатчи сиёсатчилар, хусусан, мухолифат етакчиси Қурманбек Бакиев намойишчилар олдида нутқ сўзлади. Бакиев кейинчалик ўхшаш сабабларга кўра ҳокимиятдан четлатилган навбатдаги президентга айланади.
Намойишчилар кейинроқ Акаев маъмурияти атрофидаги тўсиқларни буза бошлади ва Оқ уйни эгаллаб олди. Бинога бостириб кирган намойишчилар расмийларнинг ҳужжатлари ва компьютерларини улоқтирди, дераза ва эшикларни синдирди. Оқ уй талон-торож қилинди.
Пойтахтнинг турли жойларида талончилик бошланди. Бишкекдаги талончилик 24-дан 25 мартга ўтар кечаси туни била давом этди: натижада, ғазабланган оломон ўнлаб дўконлар, савдо марказлари ва интернет-клубларни талон-торож қилиб, ёқиб юборди. Кейинчалик, расмийлар талончиларнинг қилмиши учун шаҳар аҳолисидан кечирим сўрашга мажбур бўлди.
24 март оқшомида, ҳокимятдан ағдарилган президент Асқар Акаев ва унинг оиласи Қозоғистонга қочиб кетгани маълум бўлди. Қозоғистоннинг биринчи президенти, Нурсултон Назарбоев, 2020 йилда, «Портретга чизгилар» ҳужжатли фильмининг иккинчи қисмида, Акаевни мамлакатдан олиб чиққани ҳақида айтиб берди.
«Мен уни Бишкекдан Таразга вертолётда олиб кетишимга тўғри келди. Вазият оғир эди, уердагилар ўқ узиши мумкин эди, лекин қарама-қаршиликка йўл қўймаслик учун мен Акаевни олиб чиқиб кетдим », — деди Назарбоев.
2005 йил 25 март куни эрталаб парламент Қурманбек Бакиевни мамлакат президенти ва бош вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлади, Роза Отунбаева ташқи ишлар вазири, Азимбек Бекназаров бош прокурор бўлди.
29 март куни Асқар Акаев Россияда экани маълум бўлди. 2005 йил 5 апрелда Москвадаги Қирғизистон элчихонаси биносида Акаев президент лавозимидан истеъфога чиқиши тўғрисидаги аризага имзо чекди.
Кейинчалик Акаев 2005 йил 24 мартда бўлиб ўтган «лолалар инқилоби» ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, намойишчиларнинг аксарияти «жиноятчилик олами вакиллари» бўлган — гўёки у бу ҳақда хабардор қилинган, бундан ташқари «бу очиқ кўриниб турарди».
Акаевнинг даъво қилишича, унга намойишчиларга қарши куч ишлатишни таклиф қилишган, лекин у қурбонлар бўлмаслиги учун бундан бош тортган ва мамлакатни тарк этган.
Акаевнинг сўзларига кўра, 2005 йилги инқилоб «сиёсий авантюристлар — Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева ва уларга қўшилган Алмазбек Атамбоевнинг» иши эди. 2021 йилда Акаев «ҳокимиятни конституциявий йўллар билан топшира олмагани» учун қирғиз халқидан кечирим сўради.
Акаев унинг оиласи давлат ишларига аралашмаганини айтишда давом этмоқда.
Изоҳ (0)