Германия ва Италияда жамоатчилик ташкилотлари ҳамда айрим сиёсатчилар ўз мамлакатларининг олтин захираларини АҚШнинг Нью Йоркдаги Федерал захира банки омборларидан қайтаришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Европа солиқ тўловчилар уюшмаси (ТАЭ) бу бўйича Германия ва Италия молия вазирликлари ҳамда марказий банкларига расмий мурожаатлар йўллаган. Унда катта миқдордаги олтинни океан ортида сақлашнинг мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш таклиф этилган.
Дональд Трамп Федерал захира банкининг мустақиллигига путур етказиши мумкинлигидан чуқур ташвишдамиз. Европа марказий банклари томонидан тўлиқ назоратни таъминлаш учун (Германия ва Италия) олтинларни ватанга қайтаришни қатъий тавсия этамиз, деган ТАЭ президенти Михаэл Егер.
Худди шундай фикрни Европарламентнинг собиқ депутати, ҳозирда Германиядаги сўл БSW партияси вакили Фабио Де Маси ҳам билдирган. У “бугунги нотинч давр” олтин захираларини Европага қайтариш учун етарлича асос бўлаётганини айтган.
Буни Бавариядаги Христиан-ижтимоий иттифоқидан (ХСИ) собиқ депутат Петер Гаувайлер ҳам қўллаб-қувватлаган. У Бундесбанк миллий захираларни сақлаш масаласида ён бермаслиги кераклигини билдирган:
Биз ўзимизга савол беришимиз керак: сўнгги ўн йилда олтинни чет элда сақлаш хавфсизроқ бўлдими? Жавоб аниқ — дунё янада беқарор бўлиб қолди, деган у.
Қимматбаҳо металлар бўйича мутахассис, Германия учун муқобил партиядан Бундестаг депутати Петер Берингер олтин ташқи хавфлардан холи шароитларда сақланиши лозимлигини таъкидлаган.
Олтин — марказий банклар учун сўнгги ишончли актив. Инқироз даврида унга нафақат юридик, балки жисмоний эгалик қилиш ҳам муҳимдир, деган у.
Берингер унинг фикри АҚШнинг ҳозирги маъмурияти билан боғлиқ эмаслигини қайд этган. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, Германия ва Италия олтин захиралари ҳажми бўйича дунёда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, мос равишда 3352 ва 2452 тонна олтинга эга.
Иккала мамлакат ҳам ушбу захираларнинг сезиларли қисмини — умумий ҳажмнинг учдан бир қисмидан кўпроғини Нью-Ёркдаги Федерал захирада сақлайди. ФТ ҳисоб-китобларига кўра, АҚШда сақланаётган олтиннинг бозор қиймати 245 миллиард доллардан ошади.
Изоҳ (0)