Ўзбекистонда 361 нафар ота-онаси чет давлатларда юрган вояга етмаганларга васий ва ҳомийлар тайинланди.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг маълум қилишича, “Долзарб 90 кунлик” тадбирлари доирасида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ота-онаси чет давлатларда бўлиб турган 361 нафар вояга етмаган болага васий ва ҳомийлар тайинланди. Бу орқали уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси таъминланишига эътибор қаратилди.
Жорий йилда республика бўйича жами 189 та стасионар ва 1 239 та кундузги оромгоҳларда 300 мингдан зиёд болаларнинг дам олишини ташкил этиш режалаштирилган. 15 июнь ҳолатига кўра, 180 та стасионар оромгоҳларда 36 464 нафар бола қабул қилинди.
Болаларни оромгоҳларга хавфсиз етказиш мақсадида 1 379 та автобус ажратилиб, қарийб 500 нафар йўл-патрул хизмати ходимлари бириктирилди. Мазкур чора-тадбирлар ёзги таътил даврида болаларнинг хавфсизлиги ва мазмунли дам олишини таъминлашга қаратилган.
Қашқадарёда эр-хотин уй олиш мақсадида бир ҳафталик чақалоғини 190 млн сўмга пуллагани ҳақида хабар берилганди. Тошкент вилоятида бир ёшли ўғлини 9 минг долларга сотишга уринган эр-хотинга суд ҳукми ўқилгани, Самарқандда аёл уй олиш учун 6 ёшли ўғлини 6 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)